Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қандсиз диабет ҳам бор: шифокор унинг аломатларидан огоҳлантирди

Қандсиз диабет ҳам бор: шифокор унинг аломатларидан огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 400 миллиондан ортиқ киши қандли диабетдан азият чекмоқда. Мутахассислар бу кўрсаткич йилдан-йилга фақат ортиб боришини башорат қилмоқда. 

Диабет деганда аксариятимиз қандли диабетни тушунамиз. Қандсиз диабет ҳам борлигини эса кўпчилик билмайди.

Хўш, қандли ва қандсиз диабет бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Ушбу саволга тиббиёт фанлари доктори, профессор Замира Ҳалимова жавоб берди:

— Қандли диабет 2 турга бўлиниб, биринчиси организмда инсулин етарли даражада ишлаб чиқарилмаётганлиги натижасида пайдо бўлса, иккинчиси ҳужайраларнинг инсулинга сезувчанлигининг пасайиши туфайли келиб чиқади, — дейди мутахассис. 

Қандсиз диабетни ҳам икки асосий турга ажратиш мумкин – марказий ва нефроген. Кўпинча касаллик ривожланиши организмда суюқликни ушлаб туришга жавоб берадиган вазопрессин гормонини ишлаб чиқаришдаги муаммолар билан боғлиқ бўлади.

Шу боис, хаддан ортиқ даражада, яъни кандли диабетга чалинган беморларга нисбатан кўп — бир кунда 5-15 литргача пешоб ажралиб чиқиши, кучли чанқоқлик ҳисси бу хасталикнинг асосий аломатларидан ҳисобланади.

Меъда ости безидаги паталогиялар, гормонал ўзгаришлар, айрим дори воситаларининг ножўя таъсири, ўсмалар, ирсий мойиллик ҳам қандсиз диабетга чалиниш сабабларидан бўлиши мумкин.

Бу белгилар қандли диабетда ҳам кузатилиши мумкин. Аммо қандли диабетда озиб ёки семириб кетиш, яраларнинг секин битиши, терининг қичиши каби симптомлар ҳам учраб туради. Диабетнинг бу икки турига барча ёшдаги кишилар, ҳатто, болалар ҳам чалиниши мумкин.

Қандли диабетни даволаш жараёни мунтазам равишда инсулин препаратини қабул қилиш ва парҳез тутишни назарда тутади.

Қандсиз диабетда эса, энг аввало, уни келтириб чиқарган асосий касаллик ўчоғи бартараф этилиб, кейин қўшимча вазопрессин сақловчи гормонал ўрин босувчи терапия ва бошқа муолажалар бажарилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг