Қиш яқин. Хўжайидод, Ўрмончи ва Бехболодан кимдир яна йўлда ўлмаслиги учун нима қилиш керак? (фото)
Xabar.uz'га Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги Хўжайидод, Ўрмончи ва Бехболо маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан мурожаат бўлди. Қиш яқинлашиб, қор ёққани ҳамоно бу ерларда йўллар ёпилиб, токи апрел ойига қадар дунёдан узилади. Қолганини аҳолидан эшитсак:
«Хўжайидод, Ўрмончи ва Бехболо маҳалласи туман марказидан 50 километр узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган. Биз тоғликлар қиш келиши билан минг бир азобда қоламиз. УАЗ русумли машинадан бошқаси қатнай олмай қолади. Иссиқ жон, кимдир касал бўлади, дори-дармон, шифокор кўмагига муҳтож бўлиб қолади. Баъзан касаллар ҳатто йўлда вафот этади. Ёки туман марказига амаллаб олиб борилгач, у ерда жони узилса, қайтариб олиб келиш ҳам иложсиз. Мажбурликдан туман марказидаги қабристонга кўмамиз.
Ҳолимиздан хабар оладиган одам йўқ. Айниқса бу йил баҳорда об-ҳаво инжиқ келди ва хашар йўли билан қурган кўприкларимизни сел олиб кетди. Натижада учта маҳаллага хизмат кўрсатадиган ҚВП ва болаларимиз қатнайдиган 18-мактабнинг йўли бузилди. Кўп хўжаликлар хавф остида қолган, ўнлаб уйларни сел бузиб ташлади ва фуқаролар сарсон-саргардонликда қолди.
Ҳокимият ва ФВВга мурожаат қилишдан чарчадик. Бирор натижа йўқ. Биз — тоғликлар шундоқ ҳам пандемия туфайли қийин ҳолатда қолган давлатимизга ортиқча юк бўлмаслик учун ўз кучимиз билан йўлни тўғирлашга тайёрмиз. Аммо бунинг учун техника керак. Ёқилғисини ўзимиз топиб берамиз, фақат техникадан ёрдам қилишса бўлгани. Аммо мана шу арзимизга ҳам қулоқ соладиган одам йўқ.
Қиш яқинлашиб келяпти, ҳадемай қаҳратон кунлар бошланади. Биз ҳам инсонмиз, яхши яшашга ҳаққимиз бор. Илтимос, ҳеч бўлмаса бир келиб, кўнгил сўраб кетинглар», — дейилади мурожаатда.
Бурҳон Алиев, Акмал Қурбонов, Абдулҳафиз Каримов, Сади Самиев ва Қурбон Абдуназаровлар томонидан қилинган мурожаатнинг мана бу жойини алоҳида келтиришга қарор қилдик:
«Менинг онам 45 ёшида вафот этган. Унинг жони қиш фаслида, шифохонага ета олмай, йўлда узилган эди. Ўшанда мен 6 ёшга тўлгандим. Укам 4 ёш ва синглим 2 ёшда эди. Ҳаммамиз етим қолдик. Бўзлаб-бўзлаб меҳрибонлик уйида катта бўлдик. Орадан шунча йил ўтди ҳамки, йўл муаммоси ҳамон ҳал бўлгани йўқ.
Агар шу йўл яхши бўлганида биз — етимлар ҳам она меҳридан мосуво бўлмаган бўлармидик. Катталардан илтимос, оналар йўлда ўлиб, болаларни давлат боққанидан кўра, ўша етимларга кетадиган пулни йўлни тўғрилашга сарфланг!»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter