Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қисқа метражли филмлар фестивалининг Гран-При соҳибларига Президент соврини топширилди

Қисқа метражли филмлар фестивалининг Гран-При соҳибларига Президент соврини топширилди

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ахборот хизмати

25-сентябр куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёшлар пресс-клуби”да “Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли филмлар ва видеороликлар”, “Изҳор” миллий руҳдаги шеър ва ҳикоялар, “Ёш қўшиқ ижрочилари” Республика танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш ҳамда “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи ахборот хизмати хабар қилди.

Танловга 35 ёшгача бўлган ижодкорларнинг 400 га яқин шеър ва ҳикоялари тақдим этилди. Экспертлар хулосасига кўра, 10 нафар иштирокчи ғолиб деб топилди ва муносиб тақдирланди. 

Назм йўналишида 1-ўринга Термиз Давлат университети талабаси​ Одинаева Наргиза, 2-ўринга Наманган вилояти Тўрақўрғон Саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи талабаси Ҳусниддинова Гулшода, “Халқ иродаси” газетаси мухбири​ Ҳабибуллаева Моҳира​, 3-ўрин​га эркин ижодкор​ Равшан Ҳусан​ ҳамда Нукус шаҳри 20-сонли умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси​ Абдугалиева Улбўсин​ муносиб деб топилди. 

Наср йўналишида 1-ўрин Алишер Навоий Номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходими​ Жовлиев Жовлонга​, 2-ўрин​ Қўлдошев Байрам Алига, 3-ўрин​ Сирдарё вилояти Боёвут тумани 9-умумтаълим мактаби ўқитувчиси​ Мамарасулова Гулноза​, Фарғона политехника институти талабаси​ Тўланов Аслиддин​ ва Навоий Давлат Педагогика институти талабаси​ Обидова Нилуфарга насиб этди. 

“Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли филмлар ва видеороликлар” танловида эса 30 ёшгача бўлган 130дан ортиқ профессионал ва ҳаваскор ёшлар тақдим этган ижтимоий ролик, қисқа метражли филм ва адабий-бадиий сценарийлар кўриб чиқилди.

Танлов якунига кўра, 8 нафар профессионал ва ҳаваскор ижодкорлар ғолиб деб топилди. Қисқа метражли филмлар (профессионал) йўналиши бўйича 1-ўринни Шокир Холиқовнинг “Чой” филми, 2-ўринни Марс Ўринбосаровнинг “Сабоқ” филми, 3-ўринни Равшан Нурмуҳаммедовнинг “Устоз” филми қўлга киритди.

Профессионал ижтимоий роликлар бўйича Равшан Нурмуҳаммедовнинг “Ёш тадбиркор” ролиги, ҳаваскор ижтимоий роликлар бўйича Нурмуҳаммед Жумағуловнинг “Келажак эгасининг илтимоси” ролиги ғолиб бўлди.

Сценарийлар (профессионал) йўналишида эса Муҳаммадхон Юсуповнинг “Ўзбекой” номли сценарийси 1-ўринга, Отабек Йўлдошевнинг “Кичкина” номли сценарийси 2-ўринга, Азизбек Қурбоновнинг “Муаллим” номли сценарийси 3-ўринга муносиб кўрилди. Мазкур танлов энди ҳар йили ўтказилиб, ёш истеъдод соҳиблари ижодини қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг лойиҳалари асосида яратилган филмларни маҳаллий ва нуфузли халқаро кинофестивалларга тавсия қилиб боради.

Танлаб олинган энг яхши сценарийлар асосида қисқа метражли филм ва ижтимоий аҳамиятга эга роликларни тасвирга олиш харажатлари “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан молиялаштирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳаси тақдимоти намойиш этилди.

Маълум қилинишича, жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан лойиҳа учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида ҳар бир китоб камида 10 минг нусхада чоп этилиб, республикадаги барча мактаб, коллеж, академик лицей ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига бепул тарқатилиши белгиланган. 2018-2019 йилларда чоп этиладиган 200 номдаги китоб рўйхати Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тавсияси асосида шакллантирилди.

Айни дамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 27 номдаги адабиётларни нашр эттирган. 10 номдаги жаҳон ва ўзбек адабиётидаги нодир асарлар нашрга тайёрланган. 2018 йил охирига қадар ҳар бир таълим муассаса кутубхонасига 100 номдаги бадиий китоблар етказиб берилиши режалаштирилган.

Тадбир давомида “Ёш қўшиқ ижрочилари” фестивали ғолиблари ҳам тақдирландилар. Мазкур фестивал 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мумтоз, Эстрада, академик (опера), бахшичилик йўналишларида ўтказилди.

Танловнинг маҳаллий саралаш босқичлари 250 минг нафар ёшларни қамраб олди. “Ёш қўшиқ ижрочилари” фестивалининг Гран-При соҳиби Камила Амировага Президент соврини, яъни 5 млн сўм миқдордаги пул мукофоти топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг