Қорин иқтисодиёти
Яқин жўрамиз тўй қилаётган эди. Иқтисодчи ўртоғим Мирғани билан тўйхонага йўл олдик. Мирғани қурғур зўр иқтисодчи. Аммо жуда эзма, ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилавериб, миянгизни қоқиб қўлингизга беради. Шунинг учун унга тайинладим: «Тўйда маза қилиб яйрайлик, ҳар турли рақамларни қалаштириб бошимни айлантирма, хўпми?».
У мендан бироз ранжиди, кейин «ҳаётнинг ўзи оддий арифметика-ку» деб тўнғиллади. Бунга ҳам кўнувдим, тўйхонага кирганимиздан сўнг ёнимизда ўтириб қолган бир қориндор кишидан ҳеч кўз узмаса бўладими? У ҳам буни сезиб, анча хижолат тортди. Лекин Мирғани қорни қозондай кишининг бўй-басти, савлатига қараб, ниманидир ҳисоб-китоб қилар, фикри-зикри шу одамда эди. Уни туртиб, «Жим ўтир ахир, бу тўйхона бўлса, бу одам ҳам тўй эгасининг яқинларидан биридир» десам ҳам кўнмади. Бундай имконият яна бўладими, йўқми деб пичирлаб, алламбалоларни қўшиб-айирарди.
Ўша қориндор ҳам анойи эмас экан. Нақ беш кишининг овқатини еса бўладими? Беш товоқ ошни кўрдим демади-ей. Иккинчи таомдан ҳам роса тановул қилди. Бақбақалари осилиб қолган, қорни нақ дошқозонни эслатадиган бу киши тўйга қорин ғамида келгандек эди гўё. Ён-атрофига қарамас, мусиқани ҳам тингламас, биров билан гаплашмас, фикри зикри таомда эди.
Тўйда хизмат қилаётганлар ҳам нуқул унга овқат ташиш билан андармон. Овқатни кўп есанг, овқат сени ейди деган гап бор. Ахир бунча таомни ҳазм қилиш ҳам бор-ку. Ундан кейин одам ҳаракат қилмаса, спорт билан шўғилланмаса охири вой. Бу одам оёғини ердан бир қарич ҳам кўтара олмаса керак. Ҳамма касалликлар ҳаракат қилмасликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳаракатда баракат дейишади-да. Еса ўзининг қорнига еяпти, бизга нима десак ҳам бўларди, лекин Мирғани буларнинг ҳаммасини кузатиб, сарҳисоб қилди-да, кейин менга юзланди.
— Бўлди, ҳисоботни тугатдим, — деди у мамнун ҳолда.
— Қанақа ҳисобот, манави кишининг еган таомими? – дедим ҳайрон бўлиб.
«Қорин иқтисодиёти», — деди у ва бир бошидан гапира бошлади:
— Унинг бир ўзи беш кишининг овқатини ер экан. Бунга ўзинг ҳам гувоҳ бўлдинг. Агар унинг қорни бунчалик катта бўлмаганида тўрт кишининг таоми тежаларди, тўғрими? Энди қара, бир киши эрталаб, тушда ва кечқурун 10 минг сўмлик таом тановул қилса, бу тўрт кишига 40 минг сўм бўлади. У ҳар куни 40 минг сўмлик ортиқча таом еяпти, тўғрими? Демак, бу бир ойда 1 миллион 200 минг сўм, 1 йилда 14 миллион 400 минг сўмга етади. 3 йилда 43 миллион 200 минг сўм ёки яп-янги, мойи артилмаган битта «Нексия» дегани. Агар у 10 йилдан буён шу қоринни кўтариб юрган бўлса, бу қорин учта «Нексия»ни ямламай ютиб юборган. Мана буни қорин иқтисодиёти дейдилар.
Ҳеч ўйламаган эканман, бу қорин деганлари катталашиб кетса, туяни ҳам ютиб юбориш ҳеч гапмас экан-ей. «Тур, уйга қайтамиз, шунча еганимиз етар» деб Мирғанини эргаштириб тўйхонадан чиқдим. Мирғани мени дўконга судради, сигарети тугаб қолибди.
— Шошма, — дедим унга. — Сигаретни қачон сотиб олувдинг?
— Эрталаб, уйимиз ёнидаги дўкондан 3 минг сўмга олувдим.
— Яхши, энди иккинчи қутини олмоқчисан, шундайми?
— Ўв, нималар деяпсан, ҳар куни икки қути сигарет чекаман, гоҳида уч қути кетиб қолади.
— Энди менга айт-чи, неча йилдан буён чекасан?
— Нима, мени тергов қилаяпсанми? Биласан-ку, 15 йилдан ошди. Ундан олдин бировлардан сўраб чекардим.
— Сигаретга кетган пулинг бир кунда 6 минг сўм, 1 ойда 180 минг сўм, 1 йилда 2 миллион 160 минг сўм бўлар экан. 15 йилда 32 миллион сўмдан ошган. Мирғани, сен ҳам битта мойи артилмаган, яп-янги «Нексия»ни чекиб юборибсан-ку!
— Нима, наҳотки, йўғ-ей, — деб эътироз билдирган Мирғани кейин хомчўт қилиб кўргач, бошини чангаллаб қолди. У «Эссиз “Нексия”» деб пичирлар, 15 йил чекиб, сигаретга сарфлаган пулига ачинарди. У шу вақтда ўпкаси илма-тешик бўлиб кетгани, саломатлигини йўқотгани ҳақида қайғурмасди. Балки вақти-соати келиб, «Нексия» сотиб олиш мумкиндир, лекин бой берилган соғлиқни топиб бўладими? Мен ҳам чакки эмас эканман. Ўртоғимнинг кашандалик даврини шартта таҳлил қилиб ташладим-ей, энди у чекишдан буткул юз ўгиради. Шу хаёллар билан унга юзландим:
— Мирғани, йўлнинг ўртасида қоққан қозиқдай тураверамизми? Кетайлик энди.
— Шошма, жўра, ҳозир дўконга кириб сигарет олиб чиқаман...
Фахриддин Бозоров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter