Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қозоғистон дипломати Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигини баҳолади

Қозоғистон дипломати Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигини баҳолади

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Жасулан Искаков «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган саммитини тарихий тадбир деб атади. Дипломат Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотдаги раислигига ҳам муносабат билдирди.

«Ўзбекистон раислигида ўтказилган 80 дан зиёд тадбирларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо саккиз давлат вакиллари минтақавий ва глобал таҳдид ҳамда долзарб муаммоларга жамоавий ечим топиш борасида яқиндан фикр алмашдилар. Тарихий жиҳатдан нисбатан қисқа муддатда ШҲТ дунё миқёсида юқори нуфуз орттирди ва халқаро муносабатлар архитектурасида муносиб ўрин топди. Тошкент ташкилот доирасидаги ташаббуслари билан «ШҲТ жараёнлари»нинг фаол иштирокчисига, кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ҳаракатлантирувчи кучга айланди. Ишонч билан айтаманки, Ўзбекистон ШҲТдаги раислигини шарқона меҳмондўстлик билан муносиб ўтказди», – дейди Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги муваққат ишлар вакили.

ШҲТ илк таъсис этилган пайтданоқ аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва аҳил қўшничиликка асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сиёсат, хавфсизлик ва маданий-гуманитар жабҳаларда робиталарни кучайтириш устувор вазифалар дея белгиланган эди.

«ШҲТ фаолияти давомида сиёсат ва хавфсизлик жабҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Мудофаа вазирликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, суд ҳокимияти органлари йўналишида учрашувлар механизми яратилди. Бу жабҳада аъзо давлатлар минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ўзаро маслаҳатлашиб, саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда, бир-бирига яқиндан кўмак бермоқда», – дейди дипломат Ж.Искаков.

ШҲТ кузатувчи давлатларни ҳам қўшганда Атлантикадан Тинч океанига қадар, Шимолий муз океанидан Ҳинд уммонига қадар улкан ҳудудга ёйилган. Евроосиё материгининг 61 фоизини эгаллаган халқаро маконда 3 миллиарддан зиёд аҳоли яшамоқда.

2021 йилда ШҲТнинг ЯИМ Эронни ҳам қўшганда 23,5 триллион долларни (дунё ЯИМнинг 24 фоизи) ташкил қилди. Транзит-транспорт имкониятлари ошиши билан бу рақам янада ўсиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда ШҲТнинг халқаро ташкилотлар билан алоқалари мустаҳкамланди. МДҲ, КХШТ, Жануби-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (ASEAN), Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ва БМТнинг турли тузилмалари билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Кўплаб давлатлар унга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси муваққат раҳбари Ж.Искаковнинг таъкидлашича, транспорт, инфраструктура, энергетика, қишлоқ хўжалиги, яшил иқтисодиёт, рақамли трансформация каби соҳалар ҳамкорликннг истиқболли  йўналишлари саналади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон ШҲТнинг тенг ҳуқуқлари аъзоларидир. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга.

Саноқли кунлардан кейин бўлиб ўтадиган Самарқанд саммитида Эроннинг ШҲТга тўлиқ аъзо бўлишига йўл очадиган меморандум имзоланиши, шунингдек, бир неча давлатга мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг