Қозоғистон Ўзбекистон билан трансчегаравий сувлар бўйича битимни ратификация қилди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Ҳужжатга кўра, икки давлат умумий сув ресурсларидан келишилган тарзда фойдаланиш, давлатлараро аҳамиятга эга сув хўжалиги иншоотларини хавфсиз эксплуатация қилиш ҳамда ушбу соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Келишувларни амалга ошириш мақсадида трансчегаравий сув объектларини бошқариш масалалари билан шуғулланувчи қўшма ҳукуматлараро комиссия ташкил этилади.
Мазкур битим 2025 йил 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон Олий давлатлараро кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида имзоланган эди.
Ҳужжатнинг ратификация қилиниши Сирдарё ва унга боғлиқ сув хўжалиги объектларида сув тақсимотини мувофиқлаштириш, сув таъминоти барқарорлигини ошириш ҳамда икки давлат ўртасидаги эҳтимолий келишмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарёнинг трансчегаравий ҳудудларида сув ҳисобини юритиш учун 10 та автоматлаштирилган гидропост ўрнатишга келишиб олган эди. Уларнинг бештаси Ўзбекистон, яна бештаси Қозоғистон ҳудудида жойлаштирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter