Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб сунъий ёмғир ёғдириш технологияларини ишга туширди
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида сунъий равишда ёғингарчиликни кўпайтириш лойиҳаси ишга туширилди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, шу тариқа Қозоғистон сунъий ёмғир технологияларини амалиётда қўллашга ўтган минтақадаги биринчи давлат бўлди.
Лойиҳани ишга тушириш маросимида Қозоғистон бош вазири ўринбосари – Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев, БМТ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти президенти, БАА Миллий метеорология маркази бош директори Абдуллоҳ Аҳмад Ал-Мандус, БААнинг Қозоғистондаги элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад Ал-Ариқий ҳамда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Кушеров иштирок этган.
Ушбу технология Туркистон вилоятидаги 911 минг гектардан зиёд бўлган ҳайдаладиган ерларда қурғоқчилик ва сув тақчиллиги оқибатларини юмшатишга хизмат қилади.
Лойиҳа об-ҳавони ўзгартириш ҳамда сунъий равишда ёғингарчиликни кўпайтириш технологиялари соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
«Қозоғистон янги иқлим барқарорлиги тизимини шакллантириш сари амалий қадам ташламоқда. Минтақада илк бор сунъий равишда ёғингарчиликни кўпайтириш технологиялари соҳасида бундай кенг кўламли лойиҳа ишга туширилмоқда. Биз учун бу илм-фан, халқаро шериклик ва рақамли технологияларга асосланган замонавий иқлим инфратузилмасини шакллантириш йўлида дебочадир», – деган Қозоғистон бош вазир ўринбосари Жаслан Мадиев.
Халқаро таҳлилларга қараганда, сунъий равишда ёмғир ёғдириш технологиялари ёғингарчилик миқдорини 10-20 фоизгача ошириш имконини беради. Мазкур технологиялар Хитой, АҚШ, БАА, Франция ва Саудия Арабистонида қўлланмоқда.
Ушбу технология маҳаллий таъсир хусусиятига эга бўлиб, унинг радиуси 5 километрдан ошмайди ва кенг кўламли об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқармайди. Бунинг учун сунъий равишда ёғингарчиликни кўпайтириш технологиялари бўйича халқаро амалиётда қўлланадиган тузли реагентлардан фойдаланилади.
Янги лойиҳа қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув билан таъминлаш самарадорлигини ошириши, қурғоқчиликдан кўриладиган зарарни камайтириб, ҳосилдорликни кўтариши кутилмоқда. Йиллик иқтисодий самара эса 35 миллиард тенгегача баҳоланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter