Самарқандда 44 нафар «закладчик» қўлга олинди
Самарқанд вилоятида гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиш ва сақлаш билан шуғулланган 44 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ маълум қилди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилган.
Тадбирлар давомида Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом ва Нуробод туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри ҳудудларида Telegram'даги «Наркодўкон» канали ва махсус бот орқали синтетик гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиб келган шахслар аниқланиб, қўлга олинган.
Тезкор тадбир натижасида 21 та геоманзилда яширилган, қарийб 1500 дозага тенг мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасининг аҳоли орасида тарқалишининг олди олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ фуқароларни шубҳали шахслар ёки уларнинг фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлса, Telegram'даги «Stopnarkobot» ёки (66) 223-50-87 рақами орқали хабар беришга чақирди. Мурожаат қилган фуқароларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter