Самарқандда ҳуқуқбузар инспекторларга қаршилик кўрсатиб, ходимнинг машинасига шикаст етказди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополиция ходимлари томонидан Ички ишлар, прокуратура ва туман ҳокимлиги ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Рейд давомида Иштихон тумани «Кўтарма» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқдарё дарёси ўзанида экскаватор ёрдамида қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олиниб, юк автотранспорт воситасига юкланаётгани аниқланди ва ҳуқуқбузарлик тўхтатилди. Бироқ юк машинаси ҳайдовчиси қонуний талабга бўйсунмай, ходимларга кескин қаршилик кўрсатди. У қум-шағал аралашмасини тўкиб, экскаватор ҳайдовчисининг воқеа жойидан қочиб кетишига шароит яратди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузар ходимларнинг ҳаётига хавф солиб, юк автомобили билан ходимлардан бирининг автомашинасига зарар етказди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланмоқда. Тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда.
Экология қўмитаси табиий ресурслардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, дарё ўзанларига зарар етказиш ҳамда назорат тадбирларига тўсқинлик қилиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилишини маълум қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter