Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сенатор «фермерлар қасамёди» ҳақида: «Бу раҳбарият олдида обрў олишга уриниш эмасми?»

Сенатор «фермерлар қасамёди» ҳақида: «Бу раҳбарият олдида обрў олишга уриниш эмасми?»

Фото: «xs.uz»

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган «фермерлар қасамёди»га ўз муносабатини билдирди. Унинг мақоласи ЎзХДП сайтида эълон қилинди.

«Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жамиятимизда демократик тамойилларни татбиқ этиш учун изчил, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг ҳар бир йўналишига илғор техника ва технологияларни олиб кириш, инновация яратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Шу жумладан қишлоқ хўжалигида ҳам маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, мамлакатга даромад келтириш, давлатни ҳам фермерни ҳам бой қилиш мақсад муддаога айланган.

Шу кунларда Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган «фермерлар қасамёди» ҳам аслида юқорида келтирилган мақсадга эришиш ниятида амалга оширилган. Лекин, бу қанчалик тўғри бўлди ва бу қасамёд билан қишлоқ хўжалигидаги бугунги аҳволни яхшилаб бўладими?

«Қасамёд — ҳарбий ёки бошқа шу турдаги хизматга кираётганда, маълум бир статусни олаётганда (масалан, фуқаролик олаётганда ёки судда гувоҳлик бераётганда), лавозимга тайинланаётгандаги расмий ва тантанали онт ичиш маросими. Қасамёд фақат оммавий тарзда (омма кўз ўнгида) амалга оширилади ва қасамёд қилувчига уни — қасамёдни адо этмагани учун юридик жавобгарликни юклайди».

Демократик тузумларда қасамёд масъулият ҳажми улкан бўлган, масъулиятсизлик оқибатида жамият катта талофат кўриши мумкин бўлган ҳолатларда ҳамда судда — ҳақиқатни юзага чиқаришга сафарбар этилган идорадагина қўлланади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, фермер бу — тадбиркор. У қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиради ва ўз фаолиятини бозор талаблари асосида юритиши керак. Фермерга қасам ичириш билан биз унга «маънавий чеклов» қўймоқдамиз, деҳқонни қасамга таянтириш жамиятимиз ривожи учун фойда келтирадими ёки зарар?

Бу ҳолат раҳбарият олдида «янгилик» яратиб обрў олишга уриниш эмасми?

Қишлоқ хўжалигидаги салбий ҳолатлар саноқли бўлса, барчага «оммавий» қасам ичириш зарурми? Агар бундай ҳолатлар кўп бўлса, унда уларни келтириб чиқарган сабабларни таҳлил қилиш, тизимли чоралар кўрилиши керак-ку!

Менинг фикримча, фермерларимизнинг бу йилги ноқулай шароитда мўлжалдаги ҳосилни етиштира олмаганлиги учун нафақат об-ҳаво ёки дехқоннинг дангасалиги, уддабурон эмаслиги айбдор эмас, балки ишни ташкил қилишдаги тизимли камчиликларимиз сабаб бўлган. Туманларда бўлиб фермерлар, тажрибали дехқонлар билан сухбатлашиб қуйидаги сабабларни аниқладик. Яъни, фермерларда зарур даражада билим етишмаслиги, техникалар эскиргани ёки етишмаслиги, ернинг мелиоратив ҳолатини тўғри бахолай олмаслик ва унга чора кўришдаги ночорлик, фермер хўжаликларнинг аксариятида агрономлар етишмаслиги, уруғчиликнинг ачинарли аҳволдалиги, суғориш илми унутилиб бораётгани, сув тақсимотидаги хатоликлар ва яна бир қатор.

Менимча, қишлоқ хўжалигидаги қийинчиликларни бартараф этиш учун аввало юқорида келтирилган камчиликларни қандай йўқотиш мумкин деган саволга жавоб топиш керак. Балки майда фермер хўжаликларидан уюшма ташкил этиб, уларда иш бошқарувчи, агроном, бухгалтер, тракторчи, сувчи каби зарур лавозимлар жорий этилиши молия ишларидаги, агрономия ишларидаги, умуман ишни такил этишдаги камчиликларни олдини олар. Мана шундай фермер-дехқон уюшмаларига тажрибали инсонлар бошчилик қилса фермерларнинг маъсулият ҳисси бир қанча кўтарилар?

Бу менинг шахсий фикрларим, мутахассислардан бу мавзуда таклифлар беришларини кутиб қоламан», деган ўз мақоласида Мақсуда Ворисова.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг