Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди

БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтди.

Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакатимиз Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидладилар.

Маълумот учун, денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро савдода иштирок этиш, транспортдан фойдаланиш ва иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан қийинчиликларга дуч келмоқда. Бундай давлатлар қаторига 32 мамлакат, жумладан, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Боливия, Тожикистон, Туркманистон, Молдова, Чад ва бошқалар киради.

Ўзбекистон ана шундай давлатлардан биридир. Мамлакатимиз энг яқин денгизга чиқиш учун камида иккита давлат ҳудудини кесиб ўтиши керак.

Буларнинг барчаси транспорт йўлакларини диверсификация қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича Учинчи конференцияси денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида муҳим шериклик муносабатларини йўлга қўйиш имкониятларини очади. Биринчи конференция Олмаотада (2009), иккинчиси Венада (2014) бўлиб ўтди.

Манба: president.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг