Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади. Давлат раҳбари ўз табригида соҳа ходимларининг хизматларини эътироф этиб, бугунга қадар соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида ҳам тўхталган.

«Аввало, сизларни 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган, муқаддас қасамёдига содиқ инсонлар деб билади ва машаққатли хизматингизни муносиб эътироф этади.

Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотларимизни ҳаётга муваффақиятли жорий этишда ички ишлар тизими ходимлари давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган мураккаб ва таҳликали шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш қанчалик муҳим вазифа эканини барчамиз яхши англаймиз. Шу боис, кейинги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга устувор эътибор қаратилмоқда.

Бу борада барча ҳудудларимизда хавфсиз шароит яратиш, тинчлик ва осойишталикка қарши таҳдидларга тўлиқ барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда 2022-2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжатларга асосан, илк бор ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролар хавфсизлигини ишончли таъминлаш бўйича 10 та давлат идорасининг ҳамкорликда ишлаш механизмлари ва вазифалари белгилаб берилди. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган замонавий иш услублари амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарликларни «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тизими жорий қилинди. Жиноятлар нисбатан кўп содир этилган маҳаллаларда ташкил этилган ҳуқуқ-тартибот масканларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилди.

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни кенг тарғиб этиш ҳамда турли салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида мактабларда 2 мингдан ортиқ инспектор-психолог лавозимлари жорий этилди ва бу ўзининг дастлабки ижобий самараларини бермоқда.

Профилактика инспекторининг маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликдаги фаолиятининг йўлга қўйилгани кўплаб ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ҳамда хотин-қизларни зўравонлик ва турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш учун шароит яратмоқда.

Ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти, қадр-қиммати ва мол-мулкини кибермаконда ишончли ҳимоя қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида самарали методикалар ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўтган йилдан бошлаб жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича барча ариза ва хабарларни автоматлаштирилган тарзда қайд этувчи «102» тизими жорий қилинди. Вилоят марказлари ва йирик туманларда 75 та ситуацион марказларнинг ташкил этилгани кўча ва жамоат жойларида вазиятни масофадан туриб кузатиш ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган куч ва воситаларни самарали бошқариш имкониятини яратди.

Ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори ички ишлар органлари фаолиятини либераллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкоралик муҳитини кучайтириш, инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фуқаронинг шахсини аниқлаш учун уни ички ишлар органларига олиб келиш амалиётидан воз кечиб, электрон қурилма ёрдамида аниқлаш тизимини жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган йили қабул қилинган «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси»нинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида соҳа ходимларида ватанпарварлик руҳини кучайтириш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, муомала маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар аҳоли билан ишлаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатди.

Тизимда эришилган ютуқларнинг ёрқин намунаси сифатида маънавий-маърифий тарғибот йўналиши бўйича «Энг намунали вазирлик ва идора» танловида Ички ишлар вазирлиги жамоаси 2021 йилда иккинчи ўринни, жорий йилда эса фахрли биринчи ўринни қўлга киритганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Ҳурматли соҳа вакиллари!

Ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, соҳада коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.

Бугунги кунда мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, кейинги йилларда орттирган тажрибамиздан, илғор хорижий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш энг муҳим вазифалардан биридир.

Бу борада мамлакатимизда «Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар» деган қоидани ҳаётга татбиқ этишда аввало халққа энг яқин касб эгалари сифатида ички ишлар ходимларининг ўзлари барчага ўрнак ва намуна бўлишлари зарур, деб ўйлайман. 

Тизимга замонавий технологиялар ва иш услубларни жорий этиш, профессионал етук кадрларни тайёрлаш, соҳа ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида аҳамият қаратишимиз лозим.

Ички ишлар тизимидаги ислоҳотларимизнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқимиз ўзининг кундалик ҳаётида сезиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, фидокорона меҳнатингиз, Ватанимиз ва халқимизга садоқатингиз учун барча юртдошларимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилангизга файзу барака, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман», – дейди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг