Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни кескин танқид қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 22 февраль куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Унда хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг турист ташриф буюргани айтилди. Бу кўрсаткич сифат жиҳатидан таҳлил қилиниб, қариндошларини кўриш, даволаниш, ўқиш ёки тижорат каби мақсадларда келаётганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда туризмнинг барча истиқболли йўналишларида сайёҳлар сонини кўпайтириш, туризм хизматлари реал экспортини 5 йил ичида камида икки баробар ошириш вазифаси қўйилди.
Туризм салоҳиятини оширишда авиақатновларнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб сайёҳларнинг қарийб 60 фоизи энг қиммат эканига қарамасдан, ҳаво транспортидан фойдаланади.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясиниг бу борадаги сусткашлиги қаттиқ танқид қилинди, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида. Авиачипталар нархини оптималлаштириш, янги рейслар очиш, транзит йўловчиларни ташиш имкониятини ошириш ва авиақатновлар географиясини кенгайтириш бўйича натижали иш олиб борилмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси олдига қатор вазифалар қўйилди. Уларга мувофиқ авиакомпания тизимига замонавий маркетинг жорий этилади, дунё аэропортларида мавжуд бўлган махсус мосламалар, мобиль алоқа воситалари ёрдамида авиачипта сотиб олиш имкониятлари яратилади.
Чет эл тажрибасини ўрганиш асосида «Қарши» аэропортида «Очиқ осмон» режими жорий қилиниб, сайёҳларга кенг эркинлик яратилмоқда. Келгусида шундай тизим Андижон, Нукус ва Навоий аэропортларида ҳам қўлланади.
Президент сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди. Аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатлар, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter