Шерзод Шерматов: «Энергетика соҳасидаги ўзгаришларсиз «ақлли шаҳарлар», «қулай инвестиция муҳити яратиш» ва ҳоказолар ҳақидаги сўзлар қуруқ гап бўлиб қолади»
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов «Facebook»даги саҳифасида энергетикани ривожлантириш соҳасидаги инновацион ғояларсиз, мамлакат раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган модернизация бўйича барча истиқболли режаларни амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлади.
— Қуйидаги график аҳоли бошига электр энергияси истеъмоли кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон кўплаб қўшни давлатлардан орқада экани, шунингдек, ҳозирда унинг даражаси 1990 йилги кўрсаткичдан ҳам анча паст бўлган камдан-кам мамлакатлардан бири эканлигимизни кўрсатади, — қайд этди у.
Вазир ўринбосарининг ёзишича, аҳоли сони ўсиши суръати сақланиб қолган тақдирда ва мутахассисларнинг электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишга туширилиши борасидаги дастлабки прогнозларидан келиб чиқиб, ҳатто 2025 йилга (!) бориб ҳам, биз 1990 йилги кўрсаткич даражасига ета олмаймиз.
Айнан ушбу кўрсаткичнинг ҳақиқатда ўзгаришисиз, «ақлли шаҳарлар», «саноатлаштириш», «қулай инвестиция муҳити яратиш», «ахборот жамияти», «ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш» ва ҳоказолар ҳақидаги сўзларнинг барчаси қуруқ гап бўлиб қолади.
«Бизда ягона энергетика вазирлиги йўқлигини ҳисобга олиб, барча манфаатдор бозор иштирокчилари («Ўзбекэнерго», «Ўзгидроэнерго», Энергия тежаш миллий компанияси) билан олимларни жалб этган ҳолда мазкур кўрсаткич бўйича аниқ мақсадли марралар белгиланган энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича реал концепцияни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрмиз. Ушбу масалага бефарқ бўлмаган экспертларни қўшма ишчи гуруҳ фаолиятида қатнашишга таклиф қиламиз», — деб ёзади Шерзод Шерматов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter