Шимолий Корея навбатдаги ядро синовига тайёргарлик кўрмоқда
Бугун, 31 март куни Япония ташқи ишлар вазири Таро Коно Пхеняннинг навбатдаги ядро синовига тайёргарлик кўраётгани тўғрисида баёнот берди. Бу ҳақда Россиянинг «ТАСС» агентлиги хабар бермоқда.
«Шимолий Корея бор кучи билан навбатдаги ядро синовини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Айни пайтда у олдинги синовлар ўтказилган ерости тунелидан тупроқни олиб чиқиш билан банд», — дея унинг сўзларини келтиради «Kyodo» агентлиги. Ушбу маълумотлар қандай қилиб Япония ташқи ишлар вазирига келиб тушгани маълум эмас.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида КХДР олтинчи марта ядро синовини ўтказди. Аммо, шунга қарамай, охирги пайтларда КХДР жаҳон ҳамжамияти билан яқинлашиш истагида. Шу йилнинг 27 апрел куни Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин ва КХДР раҳбари Ким Чен Ин ўртасида учрашув бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақдаги келишувга шу йилнинг 5—6-март кунлари Пхенянга борган жанубий кореялик мутасаддиларнинг КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан бўлиб ўтган учрашувида эришилган эди.
Шунингдек, КХДР Вашингтон билан ҳам алоқаларини нормаллаштиришга қаратилган маслаҳатлашувларга тайёрлигини маълум қилган. Бу маслаҳатлашувлар жараёнида Корея яриморолини ядродан холи зонага айлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter