Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сигирингизнинг паспорти борми?

Сигирингизнинг паспорти борми?

Фото: «Оила даврасида» газетаси

Жорий йилдан бошлаб юртимизда жисмоний ва юридик шахслар томонидан асраб, кўпайтириладиган ҳайвонларни босқичма-босқич идентификация қилишга киришилади. Шу асосда ҳайвонлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ягона электрон ахборот тизими жорий этилмоқда. «Оила даврасида» газетасида шу ҳақда мақола эълон қилинди.

— Бугунги кунда чорва молларининг 90-95 фоизи аҳоли қарамоғида сақланади. Бу эса улар ҳисобини юритиш, миграциясини назорат қилиш ва энг муҳими, юқумли касалликларга қарши эмлашда қийинчилик туғдирмоқда, — дейди Ўзбекистон Ресубликаси Давлат ветеринария қўмитасининг давлат ветеринария назорати бошқармаси бошлиғи Абдурасул Болтаев. — Мазкур муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги «Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 748-сон қарорига асосан, қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонлари босқичма-босқич идентификация қилиниб, ягона электрон ахборот тизимига киритилади.

— Идентификациялаш тартиби қандай амалга оширилади?

— Бунда ягона ахборот тизимига маълумотларни ҳудудий ветеринария бўлинмалари киритади. Ҳайвонларга қулоққа тақиладиган бирка (йирик ва майда шохли қорамол, туя ва чўчқалар учун), тавро ёки клейма (от ва эшаклар), жетонлар (кучук ва мушуклар) берилиб, индивидуал рақамланади. Бундан ташқари, барча турдаги ҳайвонга электрон чип ўрнатилади. Идентификациялаш жараёни пулли, аммо унинг нархи аҳолига ҳамёнбоп бўлиши назарда тутилган.

— Базадан ҳайвон тўғрисидаги қандай маълумотлар жой олади?

— Жониворнинг рақами, тури, жинси, лақаби, туғилган жойи ва вақти, эгасининг исм-шарифи ҳамда манзили, сақлаш жойи, ветеринария паспорти ҳақидаги маълумотлар ҳамда ҳайвоннинг расми ҳам ўрин олади.

— Ҳайвонларни идентификация қилдирмаса ҳам бўладими?

— Йўқ. Ҳайвонларни давлат ветеринария хизматида рўйхатдан ўтказиш ва идентификация қилдириш мажбурий. Идентификация қилинмаган ҳайвонларни сақлаш ва боқиш тақиқланади. Идентификация рақамини сақловчи атрибут ёки ветеринария паспорти бўлмаган ҳайвон рўйхатга олинмаган деб топилади ва улар назоратсиз ҳисобланиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳайвон эгаси жавобгарликка тортилиши мумкин.

— Янги туғилган ҳайвон қанча муддатда идентификация қилиниши керак?

— Йирик ва майда моллар, шунингдек, туялар туғилганидан ўттиз кун ичида, от ва эшаклар тўрт ойликдан, кучук ва мушуклар уч ойлик бўлганидан сўнг ҳисобга олинади.

— Жонивор эгаси алмашса-чи?

— У ҳолда идентификацион рақамли атрибут ўзгаришсиз қолади. Фақат ветеринария паспортидаги маълумотлар ўзгартирилади ва маълумотлар базасига киритилади. Таъкидлаш керакки, мазкур жараёнда ҳайвоннинг янги эгаси доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига етти кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилиши лозим.

Агар ҳайвон ўлган, йўқ қилинган ёки сўйилган тақдирда ветеринария хизмати томонидан ID-атрибут ва ветеринария паспорти йўқ қилиниб, бу ҳақда маълумотлар базасига қайд этилади. Гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвонлар учун базага маълумот киритилганида у ерга гўшти истеъмол қилингани ёки йўқ қилингани қайд этилади. Бунда фуқаро ID-рақамли атрибут ва ветеринария паспорти йўқ қилиниши учун уни бир ҳафта муддат ичида яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматига топшириши зарур.

— Мазкур тизимнинг жорий этилиши аҳолига қандай қулайликларни яратади?

— Биринчидан, давлат томонидан ҳайвонларни назорат қилиш механизми осонлашади. Иккинчидан, аҳолига етказиб бериладиган асосий турдаги озиқ-овқатлар — гўшт, сут, тухум кабиларнинг ветеринария жиҳатдан хавфсизлигини таъминлашга эришилади. Чунки идентификацияланган ҳайвонларда юқорида айтилганидек барча маълумотлар — туғилган пайтидан бошлаб соғлиғигача, вақтида эмлангани, ветеринария кўригидан ўтгани ва якуний хулосаси, хуллас, ҳаммаси мужассамлашган бўлади.

Негаки, электрон идентификациялаш тўлиқ ишга тушгандан сўнг, истиқболда ихтисослашган сўйиш корхоналарида сўйилган ҳар бир ҳайвон гўшти дейлик, бир, икки, беш ва ҳоказо килограммларга алоҳида ажратилиб, унга маркировкаси ёпиштирилади. Шунда фуқаро сотиб олган маҳсулоти ҳақида тўлиқ хабардор бўлади. Бу эса истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали усулидир.

Бунинг яна бир ижобий жиҳати шуки, бордию, фуқаро ўз ҳайвонини йўқотиб қўйса, ўша бирка, жетон ёки тери остидаги чип ва тегишли ветеринария паспорти орқали бир зумда унинг эгаси кимлигини аниқлаш имкони яратилади.

Мазкур ишларни 2020 йилнинг 1 июлига қадар ниҳоясига етказиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг