Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Танловни ўзимиз қиламиз ва у билан яшаш жуда қийин ёки «Сўз» ҳақида сўз

Танловни ўзимиз қиламиз ва у билан яшаш жуда қийин ёки «Сўз» ҳақида сўз

«Сўз» филмидан парча.

Америкалик режиссерлар Брайан Клагман ва Ли Стернтал томонидан олинган «Сўз» деб номланган драма жанридаги бадиий филмни учинчи бор кўришим.

Ўзбек кино ижодкорлари ҳамон маиший мавзулардан чиқиб кетолмаётган бир пайтда турли мавзудаги минглаб хориж кинолари экран юзини кўрди. Авваломбор, танланган мавзуга тўхталмоқчиман. Умуман хориж киноижодкорларининг қўл урмаган мавзуси қолмади ҳисоб. Бундан қарийб 10 йил аввал ишланган ушбу кино СЎЗ ҳақида.

Кинолар ва сериалларимиз орқали эр-хотин жанжали, қайнона-келин ўртасидаги абадий келишмовчилик, бойлик ва камбағаллик ўртасидаги аросат тақдирларни кўриб бу асарлар бизга нима беради, деган адоқсиз саволларни охири кўринмайди.

Ана шундай пайтда хориж киноларидан биргинасини томоша қилиб, юзлаб киноларимиз ечимини топиб беролмаган саволларга жавоб топасан. Бизнинг киноларимизда ота-ўғил келишмаганини кўрасан, лекин уларни муносабатларида кемтиклик қаердан келганини тушунмайсан, яхши қайнонани ер билан битта қилаётган келинни баттар ёмон кўриб қоласан, лекин нега шундайлигини англолмайсан ёки бақироқ ва шаллақи қайнонанинг бойлик илинжида келинига зуғум қилаётгани турмуш тарзимизнинг бир бўлагига айланиб бораётганининг асл сабабини тополмайсан. Энг яқин дўстининг корхонасини банкротга учратга хиёнаткордан нафратланасан, лекин у нега хиёнаткор деган савол олдида ҳар гал ожиз қолаверасан.

 Ҳикоя ичида ҳикоя

Кинода уч инсоннинг ўтмиши бир бирига шу қадар маҳорат билан сингдирилганки, худди сирли эшикларни калити биргина сўздан иборатдек. Яъни роман ичида роман. Кинонинг бошланишида машҳур ёзувчи Клэй Ҳаммонд (Денис Куэйд) ўзининг янги романининг дастлабки икки бобини оммага ўқиб беради. Кино ўша асарнинг боблари билан бошланади. Асар қаҳрамони, мағлубиятга учраган, китоблари назарга тушмаётган ёзувчи Рори (Купер) эски портфелда йўқолган қўлёзмани топиб олади. Қўлёзмада америкалик аскар ва француз официантининг урушдан кейинги Париждаги фожиали турмуши ҳақида ҳикоя қилинади. Романдан қаттиқ таъсирланган Рори асарни кўчириб чоп эттиради ва шуҳрат қозонади.

Рори ўзи ўйлаганидек ҳар бир сўзни кўчириб ёзаётганида бармоқлари СЎЗни ҳис қилишини истайди... У асарни кўчираётганида уни ўзиники қилиб олишни хаёлига ҳам келтирмайди, шунчаки нотаниш ёзувчи ёзган сўзларини қалбан ҳис қилишни истайди. Рори асарни нуқталаригача, хатоларигача кўчиради ва столининг устида қолдиради. Асарни тасодифан хотини Дора ўқиб чиқади ва ҳаяжонланганидан эрига «мен сенга ишонардим, мана шундай ёза олишингга ишонардим» дейди. Мана шу ишонч билан айтилган СЎЗнинг қудрати туфайли Рори хотинига романни ўзи ёзмаганлигини, кўчирганини айтолмайди, рост сўзни айтолмайди. Бу кейинчалик унга қимматга тушади. Аммо бир кун келиб унинг олдига романнинг ҳақиқий муаллифи, энди ёши ўтиб кетган, бошқа қайтиб асар ёзолмаган қария келади. У Рорига қўлёзма ёзилган ва йўқолган ҳолатлар тўғрисида айтиб беради.

Диалог

Қария ўша йўқолган қўлёзма қаҳрамони. Ҳаётини, муҳаббатини асарга айлантирган қария айни пайтда ҳеч ким танимайдиган оддий одам. Рорига бошидан ўтказганларини айтишдан олдин «мана шу китобингизга дастхат ёзиб беринг», дейди. Паркда китоб мутолаа қилаётган Рори қарияга ручкаси йўқлигини айтади.

—Ие ёзувчининг ручкаси йўқми, —дея қария чўнтагидан ручка чиқариб беради.

Шу ерда бизнинг ижодкорлар ишлаган кинони диалоглари хаёлимдан ўтди. Хўш бизнинг картиналаримиздаги суҳбатдош бу саволга «узр ручкам уйда қолиб кетибди» деган ҳаммамиз кутган ва бизга маълум бўлган жавобни берган бўларди. Рори эса хаёлимизга келмаган жавобни айтади:

—Мен бугун ёзувчи эмас, ўқувчиман.

Рорининг ёлғони фош бўлган куни хотини билан ўртасидаги диалогга эътибор беринг. Қариядан ҳақиқатни эшитиб мулзам бўлган Рори виждон азобига чидолмай уйга ширакайф кириб келади. Табассум билан кутиб олган хотинига «сен мени нимамни яхши кўрасан», деган саволни икки уч бор беради. Охири Дора эрига қараб «аввало мен сенинг кўзларинг учун яхши кўраман», дейди. Шунда Рори айтади: «бу кўзлар меники эмас...»

«Бу кўзлар меники эмас». У хотинига шундай демоқчи «бировни асарини ўқиб ўзлаштирган бу кўзлар энди меники эмас». Бу диалог орқали сиз иқрорни англайсиз...

—Ахир мен сенга ишонгандим.

—Сен менинг ёзганимга ишонишни хоҳлагансан.

—Ишонганман.

Йўқ ишонишни хоҳлагансан.

—Мен аниқ ишонганман...

Энди иккаласининг ҳам овози баландроқ чиқа бошлайди.

—Дора, сен ишонмагансан, ишонишни хоҳлагансан.

—Рори, мен аниқ сенинг шу романни ёзганингга ишонганман. Сен мени алдадинг, қўлёзмани кўчираётганингда бир бор бўлса ҳам мен ҳақимда, биз ҳақимизда ўйладингми?

Ушбу кинокартинада ҳар бир сўз ўйлаб айтилган. Ортиқча калом йўқ, ҳар бир сўзнинг қиймати, қиммати бор. Сўз ортидан келган омад, муваффақият, ишонч. Сўз ортидан келган мағлубият, йўқотиш, айрилиқ, пушаймонлик.

Ўша пайтда уятдан тушкунликка тушган Рори учун энди шуҳратнинг ҳам қизиғи қолмаган эди. Рорининг «асари» нима ҳақда эди. Топиб олинган қўлёзмада қандай тақдир бор эди?

Шу саволларга жавоб излаган Рори қария ишлаётган жойга боради. Китобдаги фамилиясини ўчиришга ва одамларга барча ҳақиқатни ошкор қилишга тайёр эканлигини айтиш учун йўлга отланади. Лекин қария уни эшитишни истамайди, уни қувиб солади, ҳалиям кетмай ортида турган Рорига қараб қўлёзмасида ёзилган жумлаларни такрорлайди: «Беланчакда вафот этган гўдак ва қўлидан ҳеч нарса келмаган ота».

Қария бу билан энг қимматли инсонини йўқотганини ифодалайди ва шу билан бирга, ўзини тарк этган омади, муваффақиятини ҳеч қачон қайтариб ололмаслигини, сўнги пушаймондан фойда йўқлигини айтмоқчи бўлади: «Бу менинг сўзларим эди, сўзларимга қўшиб ҳаётимни, омадимни ўғирладинг. Менга ҳеч нарса керак эмас, нима учун сенга ўзимни ошкор қилганимга келсак, сен ўйлайсанки бировнинг сўзини, бировнинг ҳаётини ўғирлаб бадалига ҳеч нарса тўлаш мумкин эмас деб. Сен менинг сўзларимни олдинг, менинг қалбимдаги оғриқни ололасанми? Сўзларимни олдингми, қалб оғриқларимни, қайғуларимни ҳам ўзингга ол. Биласанми, Селия (хотини) менинг қўлёзмаларимни поездда унутиб қолдирганида унга шапалоқ тортиб нима деганман: «Сен ҳаётимда йўқотган биринчи ва ягона инсон эмассан. Менинг фожиам СЎЗни севимли аёлимдан ҳам кўра устун кўрдим». Ҳа унинг фожиаси ўйламай айтилган биргина сўзда. У бу гапи билан биргина сўз уни оиласидан, севган инсонидан, келажагидан мосуво қилганини томошабинга англатмоқчи бўлади...

Туйғулар

«Сўз»нинг биринчи бобини оммага ўқиб бўлгач, Клэй Ҳаммонд журналист Даниэла билан учрашади ва улар биргаликда унинг уйига борадилар. Клэй журналистга хатоси учун қаттиқ пушаймон бўлган Рори ҳақидаги бошқа воқеаларниайтиб беради.

Ёзувчи Клэй аслида китобнинг бош қаҳрамони Рори эдими? Журналистнинг бирга бўлиш таклифини нега ёзувчи рад этди. Нега у шу пайтгача ёлғиз? Асарида ёзганидек, Рори хотини Дора кечиришини кутаётгани ўзининг бошидан кечираётган воқеалар эмасми? Биргина сўз орқали ҳаёти барбод бўлган қариянинг тарихи Рорида такрорландими? Рорининг ютуғи севган инсонидан кечирим сўрай олгани, ўша бир сўзни айта олганими? «СЎЗ» сизни ана шундай мушоҳада қилишга ундайверади.

Ёзувчи журналистга шундай дейди: «Бу ҳаётда биз танлов қиламиз. Ва энг қийин нарса у билан яшаш».

Филм ёзувчи ҳақида эмас, ёзиш ҳақида эмас, балки ҳаёт ҳақида. «Сўз» кинокартинаси барча учун тушунарли ва қизиқарли. Бу ерда қалбни, юракни эзадиган драма ва жонли туйғулар мавжуд. Кино бошдан мулоҳаза қилишга ундайди. Киноижодкорлар қаҳрамонларни оқ ва қора рангга бўяшга уринишмайди. Салбий ёки ижобий қаҳрамон яратмайди. Кино орқали одам хато қилиши мумкинлигини, хатоларни тузатиш мумкин эмаслигини, шу юк билан яшашда давом этишимизни англаб етамиз. Инсон ҳаётида гапдан кўра қилаётган ишинг, амалларинг муҳим деб ўйлаймиз. Аммо айнан ҳар қандай амаллар сўз орқали кўринади. Сўзлар, яъни оддий сўз қалбингизда чуқур из қолдиради.

Филм инсонийлик муносабатларига асосланиб қурилган, уни томоша қилиш асносида яқинларингдан кўра муҳимроқ ва қадрлироқ одам йўқлиги тушунасан. Яқинларингни биргина СЎЗ билан қалбини яралаб қўймаслигингни, биргина сўз билан ишонтира олишингни, алдай олишинг мумкинлигини тушуниб етасан.

Биз бундай кинолар орқали турмуш тарзимизга айланиб кетган сохта мулозамат, келинлик вазифалари, қайнона бурчлари, қўшнилар ғийбати, дўстнинг тузоғи каби қон-қонимизга сингиб кетган ҳаёт аъмолларимиздан баланд турадиган бошқача, ҳақиқий ҲАЁТ ҳақида билиб оламиз.

Бирор жойда супурилмаган уй ҳақида, ўз вақтида қилинмаган овқат ҳақида, келган меҳмонга кўрсатилмаган иззат ҳақида, орзуларимиз асосини ташкил қиладиган тўйлар, дабдабалар ҳақида гапирилмайди, ҳатто эсланмайди. Кино бундай сохта мулозаматлардан устун турувчи ҳақиқий ҳаёт, ҳақиқий хатолар, ҳақиқий омадсизликлар, ҳақиқий муҳаббат ҳақида. Қанчалик сўз исроф қилинса, одамларнинг муносабатлари шунчалик майдалашиб кетавериши ҳақида.

Сўз — барча саволларга жавобларни тўлиқ очиб бера олмайдиган чуқур, ўйлантирувчи суратдек гавдаланади кўз ўнгингизда.

Филм шунчаки сўз ҳақида эмас, биргина сўз орқали барбод бўлган тақдирлар, биргина сўз орқали юз ўгирган омадсизлик, биргина сўз орқали ютуққа эришиш. Филм фақат сўз ҳақида эмас. Филм виждон ҳақида, бировнинг сўзини ўғирлаб виждони азобланган инсон ҳақида, қалб, иқрор, сўнгги пушаймонлик ҳақида. Биргина «кечир» деган сўзнинг айтилмаслиги, айтилиши ва кечирилишни йиллаб кутиш ҳақида. Қаҳрамонлар СЎЗи билан айтганда: «Ҳақиқат ҳақиқий озодлик, ҳаётимиз давомида биз ўзимиз танлов қиламиз ва бу танлов билан яшашимиз жуда қийин». Асар қаҳрамонлари қария, Рори, ёзувчи, Дора, француз қиз — буларнинг барчаси биргина сўзи туфайли ўз танловлари қаршисида турган, курашиб яшаётган сизу бизмиз аслида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг