Суданлик жангарилар уч ҳафтада камида 60 минг кишини ўлдирди. 150 минг киши бедарак йўқолган
Суданлик жангарилар уч ҳафта ичида камида 60 минг кишини ўлдирган, 150 минг киши бедарак йўқолган, деб ёзмоқда BILD.
«Бу худдики қассобхонани эслатади», — деди Судандаги йирик Ал-Фашир шаҳрида содир бўлган воқеа ҳақида Йел университети гуманитар тадқиқотлар лабораторияси директори Натаниэл Раймонд. Унинг жамоаси сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилмоқда. Манзара даҳшатли: бозорлар бўшаб қолган, моллар йўқолган. Бир пайтлар 1,5 миллион аҳоли яшаган шаҳардан асар ҳам қолмаганга ўхшайди.
Ал-Фашир мисли кўрилмаган жиноятлар уясига айланди. Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) шаҳар устидан назорат ўрнатганидан буён бутун бошли мавзелар «улкан жиноят жойи»ни эслатади, деди Раймонд. Ҳамма ёқда тоғ-тоғ мурдалар, оммавий қабрлар ва гулхан ёқилган ўралар. Шаҳар қулаганидан олти ҳафта ўтгач олинган сунъий йўлдош тасвирлари шубҳага ўрин қолдирмайди: жасадлардан тоғлар ҳосил бўлган, ўлганлар улкан чуқурларда ёқиб юборилган.
2023 йил апрел ойидан буён Суданда фуқаролар уруши давом этмоқда.
БМТнинг ҳарбий жиноятлар бўйича терговчилари Ал-Фаширга киритилмаяпти. Нималар бўлаётганини фақат фазодан олинган тасвирлар ёрдамида тахмин қилиш мумкин. Қанча одам ҳалок бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди: тадқиқотчилар тахмин қилишича, фақатгина Ал-Фаширда атиги уч ҳафта ичида камида 60 минг киши ўлдирилган.
Буюк Британия Вакиллар палатаси Ривожланиш қўмитаси раиси Сара Чемпион The Guardian нашрига шундай деди: «Қўмита аъзоларига Судан бўйича махфий маълумот келиб тушди, олимлардан бирининг айтишича, у ерда сўнгги уч ҳафта ичида 60 000 нафар одам ўлдирилган».
Яна 150 мингга яқин одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Уларнинг айримлари Ал-Фаширдаги қамоқхоналарда сақланаётган бўлиши мумкин. Қолганларининг тақдири номаълум.
Ҳуқуқ ҳимоячилари буни Судан фуқаролар урушидаги энг даҳшатли ҳарбий жиноят деб аташмоқда. Судандаги жанговар ҳаракатлар ва этник тозалашлар оқибатида 32 ой ичида 400 мингга яқин одам ҳалок бўлди, 13 миллион киши қочқинга айланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter