Судга телефон ва бошқа ускуналарни олиб кириш тақиқланди

Суд биносига мобил телефон, аудио, фото ва видео қайд этиш воситалари ҳамда электрон маълумот ташувчи ва узатувчи ускуналарни олиб кириш тақиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Telegram»даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
Хабарда айтилишича, ушбу қоида «Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисида»ги йўриқномада белгиланган бўлиб, ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Йўриқномага биноан судлар, суд процесси ва иштирокчилари ҳамда уларнинг яқин қариндошлари хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади. Судга ташриф буюрувчи шахслар суд биносига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида кириб-чиқади.
Ҳужжатда суд биносига қуйидаги буюм ва воситаларни олиб кириш тақиқланиши белгилаб қўйилган:
— мобил телефон, аудио, фото ва видео қайд этиш воситалари ҳамда электрон маълумот ташувчи ва узатувчи ускуналар;
— ўқотар қурол, портловчи, заҳарли, радиоактив ҳамда бошқа кучли таъсир этувчи кимёвий моддалар, қўлланилиши (фойдаланилиши) атрофдагилар хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа буюм ва воситалар.
Судга ташриф буюрувчи шахслар ўзлари томонидан олиб келинган суд биносига олиб кириш тақиқланган буюмларни суд маъмурияти томонидан махсус ажратилган жойларда қолдириши ҳамда суд биносидан чиқишда ўзи билан олиб кетиши кераклиги белгиланди.
Суд биносининг назорат ўтказиш пунктида хавфсизликни таъминлаш мақсадида хизмат олиб бораётган қўриқлаш хизмати ходимлари судга ташриф буюрувчилар ва уларнинг буюмларини металлодетекторлардан фойдаланган ҳолда текшириши мумкин. Юқоридаги маълумотлардан фойдаланишда мазкур каналга ҳавола қилиш шарт.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter