Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суперлига баҳслари қоидасиз жанглар майдонига айландими? ЎФАнинг аёвсиз жазолари

Суперлига баҳслари қоидасиз жанглар майдонига айландими? ЎФАнинг аёвсиз жазолари

Фото: «championat.asia»

Кеча, 7 апрель куни ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси йиғилишларида Суперлиганинг бир қатор учрашувларидаги баҳсли вазиятлар ўрганиб чиқилди ва айбдор деб топилган клублар, футболчилар ва ҳакамлар аёвсиз жазоланди. Келинг, ҳаммасини бир бошидан санаб ўтамиз.

Икром Алибоев – 4 ўйинга дисквалификация ва 10 миллион сўм жарима, клубларга – 25 миллион сўмдан жарима

31 март куни Суперлиганинг 4-тури доирасида АГМК ҳамда «Локомотив» клублари ўзаро тўқнаш келганди. Мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларида ҳар икки жамоа футболчилари ўртасида жанжал келиб чиққан.

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси мазкур учрашувни ўрганиб чиқди ва «Локомотив» футболчиси Икром Алибоевни жамоаси иштирокидаги 4 та ўйиндан дисквалификация қилди. Тажовузкор ҳатти-ҳаракати учун АГМК билан ўйиннинг 94-дақиқасида майдондан четлатилган Алибоевга, шунингдек, 10 миллион сўм жарима ҳам солинди.

Комиссия аъзолари мазкур ҳолат учун фақатгина Икром Алибоевнинг ўзи айбдор эмас деган қарорга келди. Боиси, жанжалда ҳар икки клуб вакиллари ҳам иштирок этган. Шундан келиб чиқиб, қўмита Тартиб-интизом кодексининг 2-боб 5.36 бандига асосан АГМК ва «Локомотив» клубларини 25 миллион сўмдан жаримага тортди.

«Бухоро» клубига 300 миллион, футболчи Шавкат Саломовга 10 миллион сўм жарима

Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган «Бухоро» ва «Пахтакор» клублари ўртасидаги учрашув инспекторининг билдиргисига асосан ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

«Бухоро» — «Пахтакор» ўйини учун стадионга ташриф буюрган мухлислар аввалига учрашувни бошқариб бораётган ҳакамни, кейинроқ эса «Пахтакор» футбол клубини ҳақоратли сўзлар билан оммавий равишда ерга урди, деб ёзилади ПФЛ инспекторининг билдиргисида.

Мазкур ҳолат мусобақаларни ўтказиш регламентининг 4-бўлим 5.55-бандига зид экани қайд этилиб, ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси Бухоро шаҳридаги мазкур ўйин тафсилотларини ўрганиб чиқди ва «Бухоро» клубини 300 миллион сўм жаримага тортишга қарор қилди.

Шунингдек, «Бухоро» — «Пахтакор» ўйинининг 36-дақиқасида мезбонлар вакили Шавкат Саломов бош ҳакам Темур Тўхтасиновнинг қарорига қаршилик кўрсатишга уринган. Бунда футболчи оғзаки қаршилик билан чекланмай, ҳакамнинг қўлини ҳам ушлаб олган. Шундан келиб чиқиб, Шавкат Саломов регламентнинг 5.6 бандига асосан айбдор деб топилган ва 10 миллион сўм жаримага тортилди. Мазкур ҳолатни ўз вақтида жазоламаган ҳакам Темур Тўхтасинов эса қўмита қарорига кўра, Суперлиганинг 6 ва 7-тур ўйинларига, шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финал ўйинларига қўйилмайди. Бу вақт давомида у фақатгина Про-Лига беллашувларини бошқариши мумкин.

Каваленко ва унинг ёрдамчиси Суперлига ўйинларидан четлатилди

Суперлига 5-туридан ўрин олган «Локомотив» - «Қўқон-1912» учрашувидан кейин ЎФА Ҳакамлар қўмитаси ўйиннни бошқариб борган бош ҳакам Валентин Коваленконинг хатти-ҳаракатларини ўрганиб чиқишди.

Хулосага кўра, «Локомотив» - «Қўқон-1912» учрашуви бош ҳаками ўйинга яхши тайёргарлик кўрмагани, натижада бир қатор вазиятларда, жумладан, 17-дақиқада «Локомотив» аъзоси Марат Бикмаев гол киритган вазиятда ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашда ва иккинчи бўлимда «Қўқон-1912» дарвозасига пеналти белгилашда хатога йўл қўйгани қайд этилди.

Валентин Коваленко ҳамда унга ёрдам берган Акбар Пўлатов қўпол хатога йўл қўйгани учун маълум муддат Суперлига ўйинларига қўйилмайди.

Нивалдо – 5 ўйинга дисквалификация ва 25 миллион сўм жарима, Сардор Мирзаевга – 10 миллионлик жарима

«Локомотив» - «Қўқон-1912» ўйини юзасидан ЎФА Тартиб интизом қўмитасининг йиғилишида учрашув комиссарининг билдиргиси, ўйин қайд этилган видеоёзув кўриб чиқилган.

Ўйинда «Локомотив» футболчилари Нивалдо ҳамда Сардор Мирзаевнинг ҳатти-ҳаракатлари ўрганиб чиқилди ва қарор қабул қилинди. Унга кўра, Нивалдога нисбатан  Интизом кодексининг 5, 45 бандининг “м” қисмига биноан  5 ўйинга дисквалификация қилиш ҳамда 25 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланилди. Сардор Мирзаевга нисбатан эса Интизом кодексининг 5.56 бандига мувофиқ 10 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг