Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таълимга таклиф: Мактаблар бир хил қолипдан воз кечиши керак

Таълимга таклиф: Мактаблар бир хил қолипдан воз кечиши керак

Фото:«Xabar.uz»

Кеча Канада таълим тизимидан 20 йил орқада қолаётганмиз ҳақида ёзганимдан сўнг дўстларимдан бири шу постимга муносабат билдириб «Сиз мактабларни аҳволи ёмонлигини ёзибсиз, аммо, муаммолар ечимини бермабсиз»  деб ёзиб қолди. 

Коллежлар тугатилиб мактаблар 11 йиллик бўлганидан кейин кўп мактабларда синф хоналари етишмаяпти. Ҳукумат томонидан дастур қабул қилиниб, мактабларда қўшимча бинолар қуриш керак. Айрим жойларда коллежлар бўшади, мактабларни коллеж биноларига кўчириш керак.

Дарсликлар қайта кўриб чиқилиши керак. Аксарият дарсликларда юклама кўп, масалан география фанида карта бўяш каби ёки эски маълумотлар ёзилган китоблар орқали дарс ўтилаяпти, масалан 5- синф Меҳнат китобида рандалар турини ўргатгани каби. Шунингдек ана шу Меҳнат дарси, юқори синфларда Маънавият соати деган фанларни йўқ қилиб уларни ўрнига компьютер технологияларини ўргатадиган дарсларни кўпайтириш керак.

Мактабларни моддий-техник базасини кучайтириш учун бюджетдан салмоқли маблағ ажратилиши керак ва ўша маблағни химия, биология, физика лабороториялари, мактаб кутубхонаси, компьютер хоналарини мукаммал жиҳозлаш учун ишлатиш керак.

Ҳозир кўп жойларда чироқ ўчмаяпти. Шундай экан барча мактабларда иститиш тизимини электр энергиясига мослаб чиқиш керак ва жойларда синфхоналарни ўртасига ҳаммаёқни тутатиб печка ёқишдан батамом қутилиш керак.

Ҳар бир мактабда спорт заллари, майдончалари албатта бўлиши керак. Мактабларда ота-оналарни ҳомий сифатида таклиф этиб, совринлар қўйиб турли спорт мусобақалари ўтказилиши керак. Масалан, шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол ва ҳоказоларидан. Бу спорт турларидан мусобақаларни спорт зали ва спорт майдончаси йўқ мактабларда ҳам ўтказаверса бўлади.

Мактабларда 2019 йил 1 сентябрдан жорий бўладиган умумий мажбурий мактаб формасидан батамом воз кечиш керак. Форма қилиш қилмасликни ҳар бир мактаб ўзи ҳал қилиши керак. Форма жорий қилиш-қилмаслик ҳар бир мактабда ота-оналарни розилиги билан қилинади.

Энди формасиз мактаб кийими масаласига келсак менталитетимиздан келиб чиқиб фақат ўта тор, ўта очиқ, этаги ўта калта кийимларни қайтариш керак. 

Шунингдек мактабдаги дарс жараёнини ҳам қолипга тиқишдан воз кечиш керак. Парталарни синфхонага жойлаштиришни ва дарсни қандай ўтишни. Ҳозир чет элларда бир хилликдан қочиш учун турли усулларни қўллашаяпти: Парталарни айлана шаклида, тўртбурчак қилиб девор остида териб чиқилаяпти. Ана шу усулни биз ҳам қўллаб кўришимиз керак.

Умуман олганда бу масалада болаларни фикри ҳам инобатга олиниши керак. Парталарни қандай жойлаштиришда, дарсни қандай ўтишда баъзан болалар ҳозирги қолип тизимидан кўра яхшироқ таклиф бера оладилар. Ишонаверинг.

Халқимиз хайр-саховатни яхши кўрадиган халқ. Ота-оналардан қайдайдир хайр-эҳсонни ўқувчиларга босим ўтказиб эмас, балки қандайдир қизиқ бир тадбирлар орқали йиғиб (ундаям йилда бир мартадан ошиқ эмас, акс ҳолда ота-оналар безиб қолишади) олиш керак.

Энг муҳими мактаблар турли янгиликлар, турли тадбирлар ўтказишда туман ХТБнинг таъсиридан чиқиб эркин бўлишлари керак.

Умуман олганда мактабларда ўқитувчилар, директорлар эски қолипдан чиқаверишлари керак. Туман ХТБ ҳам, ХТВ ҳам буни чеклаш ўрнига ана шундай ташаббус кўрсатган мактабларни қўллаб-қувватлаши керак.

Шунингдек ўқитувчилар маоши салмоқли оширилиши керак. Ўқитувчида рўзғорни қандай юритиш муаммоси бўлмасагина у хотиржам дарс ўта олади.

Яна бир муаммо, охирги йилларда кўп жойларда мактаб ҳудуди аҳоли томонидан эгаллаб олинаяпти ёки ҳокимлар томонидан қандайдир тадбиркорга бериб юборилаётган ҳолатлар учраяпти. Бу ишга мутлақо чек қўйилиши керак.

Агар қайсидир мактаб ҳудуди катта бўлса бу ҳокимларни кўзини ўйнатмаслиги керак. Биз тез кўпайяпмиз. Бугун кенг жой, келажакда торлик қилиб қолиши мумкин. Шундай экан жойларда ҳокимлар ҳам, бошқаси ҳам мактабларнинг ҳудудига кўз олайтирмаслиги керак.

Ғайрат Йўлдош

(Муаллифнинг «Telegram» каналидан олинди.)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг