Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Танзила Норбоева, маслаҳат беринг!

Танзила Норбоева, маслаҳат беринг!

Фото: «Xabar.uz»

Ҳурматли Танзила Норбоева! Бу мактубим мурожаат ҳам, очиқ хат ҳам эмас. Буни маслаҳат сўраш деб қабул қиласиз. Чунки тегишли ташкилотлар раҳбарларига ёзилган очиқ хат ёки мурожаатлар кўпда ҳал бўлмаяпти. Хабарингиз борми-йўқми, яқинда Хотин қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхоновага ёзган очиқ хатимда хоразмлик бир аёлнинг тақдирини мисол қилиб келтиргандим. Сизга ҳам яна бир бор эслатмоқчиман.

Холмирзаева Нодира Хоразмнинг Хазорасп туманида яшайди. Унинг икки нафар фарзанди бор. Ёлғиз аёл. 16 ёшли қизи Фарангизни яқинда машина уриб кетиб бир ўлимдан қолди. Энди бу қизалоқни Нодира тез-тез даволатиб туриши керак. Бўйнидан уч жойи синган, буйрагида киста, белида «грижа» пайдо бўлган. Ёлғиз аёл 20 йилдан бери ижарада яшайди. Хазораспдаги Маданият марказида хореограф бўлиб ишлайди. Бир миллион сўм атрофида маош олади. 300 минг сўм пулини ижрага тўлайди. Нодира ўз уйи бўлишини орзу қилади. Унинг ҳам ёрдам сўраб бормаган эшиги қолмади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3268 қарор бўйича имтиёзли равишда уй-жой бериш ўтган йилнинг тўртинчи чорагида амалга оширилиши  керак эди. Аммо жорий йилнинг учинчи чораги тугаяптики, янгиликдан дарак йўқ.

«Ҳокимиятга неча марта учрашдим, аммо кутинг дейишдан нарига ўтмаяпти», — дейди Нодира мен билан суҳбатда.

Мана шу аёл менга эрталаб яна қўнғироқ қилди. Билишимча 10 кун кардиологияда даволаниб чиқибди. Шифокорлар инсултни оёқда ўтказибсиз дейишибди. Очиғи, эрталабдан қўнғироқ қилаётганига Хотин-қизлар қўмитасига ёзилган очиқ хатдан кейин бирор янгилик бўлган шекилли деган қувончим бор эди. Афсус, Элмира Боситхонова очиқ хатда мен кўрсатиб ўтган бир аёл муаммосини ўрганиш ҳақида эмас, «мен тўғри гапиргандим» дея ўзини оқлаш билан ҳалиям овора.

Нодира касалхонадан уйига жавоб берилгач, уч кун ўтиб яна ҳушини йўқотади. Айни пайтда Хазораспдаги шошилинч тез тиббий бўлимда даволанмоқда экан.

Мана, Нодира маънавиятли аёл. У бузуқлик қилмаяпти, ўз жонига қасд қилмаяти, етишмовчилик баҳона Сурияга ёки чет элга «сурвормаяпти», у курашаяпти. Аммо бу курашлар унга қимматга тушяпти. Кундан-кунга соғлиғи орқага кетаяпти. У фарзандлари учун яхши она бўлмоқчи. У фарзанди учун ҳалол, ғурурли, ориятли она сифатида ўрнак бўлмоқчи. Аммо... яшаш учун, яхши яшаш учун қай эшикка бош урмасин, у учун ҳаммаси ёпиқ. 

Билишимча қўмита ҳам, барча ташклилотлар ҳам бу аёлга ёрдам беришга мажбур эмас. Шундай экан, бутун Ўзбекистон аёллари ғамхўри, Сенатнинг илк аёл раиси, раҳбар сифатида, айтингчи, бу аёл нима қилсин?

Ўз уйи бўлиши, ижарада бировлар эшигида сарғаймаслиги учун қандай йўл тутсин. Бу аёл бундан буёғига қаерга ва кимга учрашсин? Агар борган жойлари, ташкилотлари унга ёрдам беролмаса сўнгги чора сифатида қандай йўлни танласа мақсадга мувофиқ?

Айтайлик ҳар бир вилоятда биттадан Нодирадек муаммоси бор, аммо ечим тополмаган, маънавиятли бўлгани учун ҳам барчасига сабр қилиб яшаётган, алал-оқибат инфаркт ёки инстултни оёқда ўтказаётганлар бор. Балки уларнинг сони анча кўпдир. Лекин жамиятимизда 10 дан ошиқ мана шундай аёлларнинг бўлишининг ўзи фожиамиз эмасми?

Мен ҳар сафар шу аёлнинг овозидаги йиғламсирашни эшитганимда, ўзимнинг қийналсам ҳам ҳаминқадар яратолган шароитимдан ҳижолат тортаман. Бугун эса яна бир нарсадан ҳижолат тортиб турибман. Шунча мақолалар ёздим, ижтимоий тармоқларда у аёлнинг шароитини ёзиб постлар қолдирдим, аммо мен ҳам журналистманми, мана шу аёлга ёрдам беролмаяпман. Айтингчи, мен ўз касбимдан фахрлана оламанми? Оддий бир аёлнинг ва мен каби оддий журналистнинг овози ҳеч қаерга етмаётган шу жамиятда яна қандай йўл бор? Агар шу аёлнинг муаммоси ҳал бўлмаса, ҳал қилишга кўмак беролмасам, менга маслаҳат беринг, шу касбимни қандай давом эттирсам бўлади??? Маслаҳатингизни аямайсиз деган умиддаман...

Ҳурмат билан «Xabar.uz» мухбири Барно Султонова.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг