Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тарбиячилар эътиборсизлиги сабаб 2 ёшли боланинг бармоғи кесилиб кетди

Тарбиячилар эътиборсизлиги сабаб 2 ёшли боланинг бармоғи кесилиб кетди

Иллюстратив фото

Мактабгача таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг тарбияланувчилардан бири муассаса ходимларининг эътиборсизлиги туфайли бармоғини кесиб олгани тўғрисидаги тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда урганчлик Моҳира Атажанова фарзанди 2019 йилда туғилган Шоҳжаҳон Досчанов Урганч шаҳридаги «Осиё бону» нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётгани ҳамда нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг эътиборсизлиги туфайли бармоғи қаттиқ жароҳатланиб, кесилиб кетганини маълум қилган.

Маълум қилинишича, ҳолат бўйича зудлик билан Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти билан боғланилиб, вазиятга ойдинлик киритилган. Вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан рўй берган ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилган ҳамда 26 апрель куни тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисининг эътиборсизлиги туфайли бахтсиз ҳодиса содир этилгани тасдиқланган. Тарбияланувчига жароҳат етганини кўрган тарбиячи болани касалхонага етказган.

«Осиё Бону» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланиб, 35 қувватга эга, бугунги кунда 22 нафар бола тарбияланмоқда. 2018 йилда ташкилотга ўз фаолиятини юритиш учун тегишли тартибда гувоҳнома берилган бўлиб, шу вақтга қадар нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бундай кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермаган.

Мактабгача таълим вазирлиги ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тегишли тартибда ўрганиш тадбирлари ўтказилаётгани, қолаверса, содир этилган нохуш ҳолатга эътиборсиз эмаслигини маълум қилган.

«Содир бўлган воқеа юзасидан кейинги тафсилотлар ҳуқуқ-тартибот органлари ахборот хизматлари томонидан берилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Фарғонада тарбиячининг қўлидан отилган қошиқ 5 ёшли болани кўзидан айиргани хабар қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг