Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Tashkent Law Spring»: Вазир гапни узр билан бошлади

«Tashkent Law Spring»: Вазир гапни узр билан бошлади

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бир неча ой кўрилган жиддий тайёргарлик ишлари якунига етиб, ниҳоят, анчадан бери кутилаётган  катта тадбир —  «Tashkent Law Spring» («Тошкент ҳуқуқ баҳори») халқаро юридик форуми иш бошлади.

Мазкур  халқаро форум кўламини тасаввур қилиш учун ҳамкор ташкилотларнинг айримларини тилга олиш кифоя: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID), БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC), «Ҳудудий мулоқот» халқаро ташкилоти, «Газпромбанк» АЖ...  Бунга қўшимча сифатида  форум ишида дунёнинг 37 мамлакатидан 240 делегат иштирок этаётгани инобатга олинса, ташкилотчилар яхшигина риёзат чеккани янада ойдинлашади.

Фото: «ЎзА»
Фото: «ЎзА»

Ташкилий ишларга гап бўлиши мумкин эмас, айни жараёнда жузъий камчиликлар учраши  эҳтимоли йўқ эмас. Шундан бўлса керак, форум  ташкилий қўмитаси раиси — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетов тадбир очилишидаги мухтасар маърузасини самимий узр билан бошлади: «Юртимизда илк бор ўтказилаётган ушбу форум биз учун янги тажриба, бу жараёнда айрим камчиликлар юзага келгудек бўлса, аввалдан узримиз бор».

Сўнг вазир халқаро форум ўтказилишидан мақсад-муддаони баён қилиб, ўзгараётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида қисқа маълумот берди. Муҳими, борни бежаб кўрсатгани йўқ, тизимдаги муаммолардан ҳам кўз юммади. Амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида-ку, атрофлича тўхталди. Айтдики, инвестицияларсиз Ўзбекистон ривожланмаслигини тан оламиз. Бунинг учун эса муҳит яратиш керак. Бунда юристларга катта масъулият юкланади. Қабул қилинаётган қарорлар барқарорлиги, келаётган инвестор уни нима кутаётганини билиши ва ҳар қандай давлат органининг бу мақсадда бирлашиши мақсадга мувофиқ. Юз бераётган ўзгаришларга ҳамма гувоҳ: молия-банк, солиқ сиёсати соҳасида, рақамлаштириш бўйича 2030 йилгача давлат дастури ишлаб чиқилди, ҳаттоки ерни хусусийлаштириш биринчи марта қонуний асосга эга бўлади. Бу жараённи секинлаштириб бўлмайди. Бугун муҳит яратсак, эртага бизга инвестор келади... Мулк ҳуқуқини қадрият сифатида қадрлаш керак. Шунинг учун ҳам унинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича чора қабул қилиш жуда муҳим масала. Меҳнат қонунчилигини либераллаштириш ҳам  долзарб. Чунки бизнинг Меҳнат кодексимиз ўша собиқ Иттифоқ даврида шаклланган концепция асосида бугунги кунгача сақланиб қолган. Унда эса хусусий секторга хос бўлган мослашувчанлик принципи етишмайди. Қишлоқ хўжалигига ҳам замонавий бошқарув механизмларини татбиқ қилиш лозим. Бизга кластер деган институт кириб келди. Буларнинг ҳаммасини ҳуқуқий томондан тартибга солиш муҳим масала бўлиб қолмоқда... Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Биз бу борада кўмакчи бўлиб қоламиз. Бундан ташқари, тобора шиддат билан ривожланиб келаётган интернетдаги муносабатларни тартибга солиш (блокчейн) бўйича илк изланишларни бошладик. Қолаверса, биз ҳозирданоқ ўзимизга 15 йилдан кейин Ўзбекистон ҳуқуқ нуқтаи назаридан қанақа бўлиши кераклиги ҳақидаги саволларни беришимиз керак.

Форум очилишида сўз олган АҚШ, Сингапур ва Россиядан келган ҳуқуқшунослар ўз юрти тажрибалари,  шиддат билан ўзгараётган замонга мос ҳуқуқий тартиблар хусусида гапирдилар.

Халқаро юридик форумнинг расмий очилиши маросими ниҳоясида Адлия вазирлигининг ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган advice.uz портали тақдимоти бўлиб ўтди. Алоҳида таъкидлаш керак, аdvice.uz лойиҳаси Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Икки кунга мўлжалланган «Tashkent Law Spring» халқаро юридик форуми ўз ишини давом эттирмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг