Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тестларни 100 фоиз тўғри топган абитуриент давлат грантига кира олмаса. Бу қанақаси?

Тестларни 100 фоиз тўғри топган абитуриент давлат грантига кира олмаса. Бу қанақаси?

Фото: «Uza.uz»

Юридик университетда 8027491 ҳамда 8027493 рақамли саволлар китобини ишлаган абитуриентлар 100 фоизлик натижа кўрсатган, яъни 189 балл олган. Ҳаттоки, иккаласи ҳам инглиз тилидан тегишли CEFR даража олган экан. Лекин улар бюджетга кира олмади. Қанақасига?

«Xushnudbek.uz» канали оғриқли масалани кўтарди. Унинг ёзишича, жорий йилда ҳам Тошкент давлат юридик университетида бюджетни 100 фоиз ҳарбий имтиёзлилар эгаллаган. Чунки саволларни 100 фоиз топган абитуриент максимал 189 балл тўплай олади. ТДЮУда эса контрактга кириш бали 162,3, бюджетга ўтиш бали эса – 223,5 бўлган.

«Ҳарбий имтиёзлар бериш шу даражада адолатсиз тизимки, буни кўриб чиқмаса бўлмайди. Бу ҳақида анчадан буён гапираман, кеча ёки бугун хаёлимга келиб қолгани йўқ. Масалан, Юридик университетда 8027491 ҳамда 8027493 рақамли саволлар китобини ишлаган абитуриентлар 100 фоизлик натижа кўрсатган, яъни 189 балл олган. Ҳаттоки иккаласи ҳам инглиз тилидан тегишли CEFR даража олган экан. Ёки 8023744 рақамли абитуриент 187,9 балл олган. Фақат чет тилидан биттагина хато қилган, қолганини 100 фоиз топган. Оддий мантиқий савол: хўш, нима учун улар бюджетга кира олмаслиги керак?», — деб ёзади «Xushnudbek.uz».

«Бошқа ОТМларда 70 балл билан бюджетга кираётган бир пайтда ушбу ҳолат ижтимоий адолатсизликнинг энг ёрқин намунаси эмасми? Бошқаларни қўя турайлик, майли. Лекин ТДЮУни ўзида ҳам грантга кириш учун ҳеч қандай имконият қолмаяптику?!

Агар энг юқори балл олганлар орасида қизлар бўлса-чи, унда улар нима қилиши керак?

Майли, мамлакатимиз хавфсизлиги учун ҳарбий имтиёз шунчалар муҳим экан, берилсин, қарши эмасмиз. Лекин бу имтиёз ўзгаларга зиён етказмасин. Бошқа абитуриентларга халақит бермасин, уларнинг давлат грантида ўқиш ҳуқуқини топтамасин!

Мутасадди раҳбарлар кейинги йилда шу масалани ҳам кўриб чиқишса, ёмон бўлмасди.

Тез орада шу мавзу бўйича ўзимнинг аниқ таклифларим билан ўртоқлашишга ҳаракат қиламан», — дея қайд этди пост муаллифи.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг