Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги келишув амал қилади – Хуршед Каримзода
Тожикистон ўтган йили хориждан олиб кириладиган керамик плиткалар учун бож тўловларини оширди. Бироқ бу чора Ўзбекистон маҳсулотларига тааллуқли эмас, чунки икки давлат ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги келишув амал қилади.
Бу ҳақда 12 февраль куни матбуот анжуманида Тожикистон Божхона хизмати раҳбари Хуршед Каримзода маълум қилди.
Аввалроқ ўзбекистонлик тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевга Тожикистон томонидан савдо тўсиқлари кучайгани ҳақида шикоят қилинган ва унда 2025 йил 1 декабрдан импорт керамик плиткаси учун ҳар тоннасига 450 долларлик қўшимча тўлов жорий этилгани, божхона қиймати эса 300 доллар деб белгилангани айтилган эди. Хўжаев, ўз навбатида, агар қўшни давлат ушбу савдо чекловларини олиб ташламаса, Ўзбекистон ҳам жавоб чораларини қўллашга мажбур бўлишини билдирган.
Каримзоданинг айтишича, оммавий ахборот воситаларида масала бироз бўрттириб кўрсатилган.
«Сезиларли муаммолар йўқ. Баъзан ахборот шундай бериладики, гўё жиддий қийинчиликлар бордек туюлади. Аслида катта муаммо мавжуд эмас», – дейди у.
Божхона раҳбарининг таъкидлашича, кўп ҳолларда муаммо етказиб берувчилар томонидан ҳужжатларнинг тақдим этилмаслиги тўлиқ билан боғлиқ. Агар ҳужжатлар етарли бўлмаса ёки товар қийматига шубҳа туғилса, божхона хизмати мамлакат ички бозор нархларига асосланиб ҳисоб-китоб қилади.
Каримзодага кўра, айрим ўзбекистонлик етказиб берувчилар декларацияда бозор нархидан пастроқ қиймат кўрсатган. Бозор таҳлили эса амалдаги нархлар анча юқори эканини кўрсатган.
Каримзоданинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан амал қилаётган эркин савдо келишувига кўра, керамик плитка бож қўлланиладиган товарлар рўйхатига кирмайди. Унинг айтишича, 37 турдаги товарлар эркин савдо режимидан чиқарилган, аммо керамик плитка улар қаторида эмас.
Шунинг учун Ўзбекистондан келаётган маҳсулотлар, асосан, битим нархи бўйича расмийлаштирилмоқда.
Божхона раҳбари ўтган йили Тожикистонда керамик плитка ишлаб чиқарувчи янги завод ишга туширилганини маълум қилди. Шу сабабли ҳукумат импортга божларни ошириш орқали ички бозорни ҳимоя қилишга қарор қилган.
У цемент мисолини ҳам келтирди: 2021 йилда Ўзбекистондан импорт қилинадиган цемент учун тоннасига 300 долларлик қиймат белгиланган. 2025 йилда эса Ўзбекистон ҳам ўз ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт цементга бож жорий этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter