Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тўловга қобилиятсизлик ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади

Тўловга қобилиятсизлик ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади

Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик жараёнларини рақамлаштириш ва бизнесни молиявий тиклаш механизмларини соддалаштиришга қаратилган янги тартиблар жорий этилади. Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 декабрдан Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси ишга туширилади.

Мазкур платформа орқали тўловга қобилиятсизлик жараёнларини онлайн мониторинг қилиш, суд ишларини кузатиш ва тегишли маълумотларни электрон шаклда юритиш имкони яратилади.

Фармонда банклар ва кредиторлар учун ҳам янги механизмлар белгиланган. Жумладан, судгача санация босқичида банклар қарздор билан келишув асосида кредит фоизларини ҳисоблаш ёки тўлашни вақтинча тўхтатиб туриши мумкин.

Ҳужжатга кўра, қарздорнинг фаолиятини тиклашга қаратилган санация режаси мавжуд бўлса, банклар кредитларни реструктуризация қилиш ёки бошқа енгиллик чораларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Суд санацияси даврида ҳам кредиторлар йиғилиши розилиги билан суд қарори асосида кредит фоизларини ҳисоблаш ва тўлаш вақтинча тўхтатилиши мумкин. Кейинчалик мазкур қарзлар санация режасига мувофиқ қайта тузилади.

Шунингдек, тадбиркорлар ва компаниялар учун солиқ тўловларини кечиктириш тартиби ҳам енгиллаштирилмоқда. Энди гаров мулки, банк кафолати ёки суғурта полиси тақдим этилганда, молиявий аҳволидан қатъи назар, солиқни бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

Фармонга асосан, солиқларни кечиктириб тўлаш бўйича аризалар тўлиқ электрон шаклда қабул қилинади. Бу жараён Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Аризаларни кўриб чиқиш муддати ҳам қисқартирилиб, 30 кун ўрнига 20 кун этиб белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг