Тўқаев учинчи марта халққа мурожаат қилди

Қозоғистон президенти 7 январда махсус йиғилиш ўтказди ва жангариларга қарата огоҳлантирмасдан ўт очишга рухсат берди.
Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев навбатдаги мурожаатида айтган.
«Қозоғистон жангариларга қарши операцияни якунлайди, таслим бўлмаганларга аёвсиз чоралар кўрилади. Фуқароларининг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланади» – дейди Тўқаев.
Ҳукумат вазият яхшиланган вилоятларда фавқулодда ҳолат режими босқичма-босқич олиб ташланишини эълон қилган.
Тўқаев «эркин оммавий ахборот воситалари» ва «хорижий арбобларни» қонун ва тартибни бузишга кўмаклашмасликка чақирди.
Фавқулодда ҳолат жорий этилгани ўз самарасини бермоқда, бутун Қозоғистонда конституциявий тартиб тикланмоқда, дейилади расмий мурожаатда.
Бунгача Тўқаев халққа икки бор мурожаат қилганди. Биринчи бор газ нархи ошишига қарши намойишга чиққанлар талаби қондирилиб, ҳукумат комиссияси тузилганди.
Тўқаев иккинчи мурожаатда Хавфсизлик кенгаши раҳбари бўлганини айтиб, муҳим ўзгаришларни эълон қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter