«Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўлида манзилга уч соатда етиб бориш мумкин бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Бюджетга юкни камайтириш ва йирик лойиҳаларга хусусий секторни жалб этиш мақсадида 2018 йили Давлат-хусусий шериклик агентлиги ташкил этилган эди, бу борада алоҳида қонун ва 10 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди.
Шунга қарамасдан, ҳозирги кунга қадар энергетика, тиббиёт, коммунал хўжалик соҳаларида ҳаммаси бўлиб бор-йўғи 9 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари имзоланган. Бу кўрсаткич жуда ҳам паст, деди давлатимиз раҳбари.
Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларга сотишда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш топшириғи берилди. Фақат шу орқали ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасида рақобатни таъминлаб, таннарх ва йўқотишларни камайтириш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасида 270 миллион долларлик 14 та лойиҳаларни жадаллаштиришни тайинлади.
Икки ой муддатда Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошкентда гемодиализ марказларини ташкил этиш бўйича тендерларни якунлаш вазифаси қўйилди. Ушбу лойиҳалар доирасида йилига 1 100 беморнинг умрини 10 йилга узайтириш имкони яратилади. Гемодиализ харажатлари учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилади.
Мамлакатимизда ҳар йили 20 мингдан зиёд онкологик бемор рўйхатга олинади. Мутасаддиларга йил якунига қадар 2 та радиотерапия марказини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш топшириғи берилди. Шунингдек, йил якунига қадар Нурафшон шаҳрида «қуриш – бошқариш – топшириш» принципи асосида 1 минг ўринли кўп тармоқли клиник шифохона ташкил этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш юклатилди.
Транспорт ва логистика тармоғи ҳақида гап кетар экан, ушбу соҳада ҳам амалга оширилаётган ишлар умуман қониқарли эмаслиги қайд этилди.
Соҳани ривожлантиришнинг кейинги даврида 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинди.
Мисол учун, бугунги кунда Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Андижонга бориш учун тирбандликлар сабабли 5-6 соат вақт сарфланади, 22 минг автомобиль ўтади. Бу кўрсаткич келгуси 5 йилда 40 мингга етади. «Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўли ишга тушган тақдирда масофани босиб ўтиш 3 соатгача қисқаради, транспорт ҳаракати эса 70 фоизгача ошади.
Шу боис давлатимиз раҳбари Қамчиқ довонида янги тоннел қуриш бўйича тендер-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер эълон қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter