Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент Кремлга сиёсий сигнал йўллади

Тошкент Кремлга сиёсий сигнал йўллади

Фото: ТАСС

Ўзбекистон суверенитетига нисбатан кучайиб бораётган мафкуравий босим шароитида расмий Тошкент ташқи сиёсатда кескин риторикага асосланган реакция эмас, балки дипломатик мувозанат ва стратегик ҳисоб-китобга таянган жавоб моделини шакллантирмоқда, деб ҳисоблайди маҳаллий таҳлилчилар.

Хабарингиз бор, сўнгги вақтларда россиялик айрим пропагандачилар Ўзбекистон мустақиллигига қарши баёнотлар бермоқда. Жумладан,  файласуф ва сиёсатшунос Александр Дугин постсовет маконида мустақил давлатлар даври ортда қолгани ҳақидаги иддаони илгари сурар экан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Грузия, Озарбайжон каби давлатларнинг суверенитетини шубҳа остига олди. 

Таҳлилчи Жаҳонгир Ҳакимовнинг фикрича, 20 январь куни Анқарада бўлиб ўтган Туркия–Ўзбекистон Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилиши ва “4+4” механизми доирасидаги учрашувлар Россияда империячилик руҳи кучайиши фонида Кремлга юборилган сигнал ҳисобланади.

“Учрашувнинг аҳамияти фақат муҳокама қилинган масалалар билангина чекланмай, балки делегациялар таркибида ҳам яққол намоён бўлди. Ўзбекистон томонидан Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов, Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммадов ва Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг бир вақтда иштирок этиши Ўзбекистон хавфсизлик блокининг ягона сиёсий мантиқ асосида ҳаракат қилаётганини кўрсатди. Туркия томонидан эса Ички ишлар вазири Али Ерликая, Миллий мудофаа вазири Яшар Гулер, MİT раҳбари Иброҳим Калин ва Мудофаа саноати раҳбари Ҳалук Горгун иштирок этди. Мазкур ҳолат ташқи сиёсат доктринаси билан миллий хавфсизлик амалиёти ўртасидаги стратегик синхронлашувнинг яққол ифодасидир”, – деб ёзади Жаҳонгир Ҳакимов.

Ўзбекистон делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида хавфсизлик, ташқи сиёсат ва глобал жараёнлар бўйича ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан ҳам қабул қилинди.

“Россия ахборот маконида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари суверенитетига нисбатан шубҳа уйғотувчи риторика кучайиб бораётган бир шароитда Анқарадаги учрашув очиқ баёнотларсиз, аммо аниқ стратегик сиёсий сигнал вазифасини бажарди. Ушбу сигнал Ўзбекистон ўз хавфсизлигини битта куч марказига боғлаб қўймаслигини ва бундай қарамликни келажак модели сифатида кўрмаслигини англатади. Жавоб шаклининг ўзи алоҳида аҳамиятга эга. Мафкуравий босимга риторика билан эмас, кескинлик билан эмас, балки муқобил институтлар, қардош халқлар билан стратегик ҳамкорликлар ва мувозанатли қарорлар орқали жавоб берилмоқда. Замонавий геосиёсатда айнан шу ёндашув энг самарали стратегиялардан бири ҳисобланади”, – дейди Ж.Ҳакимов.

Таъкидланишича, Ўзбекистон бугун глобал ва минтақавий геосиёсатда пассив кузатувчи эмас, балки ўз манфаатларини аниқ англаган ва уларни ҳимоя қила оладиган мустақил актор сифатида шаклланиб бормоқда.

“Янгиланаётган ташқи сиёсат концепцияси, хавфсизлик ва мудофаа доктриналари ҳамда мувозанатли дипломатик фаолият мамлакатнинг янги стратегик реалликларга мослашаётганини кўрсатади. Бу жараёнда Ўзбекистон на бирор куч марказига қарам иттифоқчи сифатида шаклланмоқда, на геосиёсий қарама-қаршиликлар майдонига айланишни танламоқда. Аксинча, мамлакат ўз суверен қарор қабул қилиш салоҳиятини сақлаган ҳолда, минтақавий барқарорлик ва халқаро ишончни мустаҳкамловчи  сиёсий актор сифатида ўз ўрнини белгиламоқда”, – деб хулоса қилади таҳлилчи.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг