Тошкент – Маврикий ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар декабрь ойидан йўлга қўйилади
2026 йил 26 декабрдан Тошкент – Маврикий йўналишида илк бор тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Шу муносабат билан Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Маврикий туризм тадбиркорларининг икки томонлама очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Мулоқот Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” компанияси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Маврикийнинг етакчи туризм компаниялари ва меҳмонхона брендлари вакиллари ҳамда маҳаллий туроператорлар иштирок этиб, икки томонлама туристик лойиҳаларни ишга тушириш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Режага кўра, дастлабки босқичда 26 декабрь ва январь ойларида жами 4 та Тошкент – Маврикий – Тошкент қатнови амалга оширилади. 2027 йил июнидан эса ушбу йўналиш бўйича ҳафтасига бир марта мунтазам рейслар йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Янги йўналиш Ўзбекистон туризми учун Африка қитъасида янги бозор очишдан ташқари, Тошкентнинг Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан Маврикийга йўловчилар оқимини йўналтирувчи транзит маркази сифатидаги салоҳиятини оширади. Келгусида Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатлари сайёҳлари Тошкент орқали Маврикийга учишлари мумкин бўлади.
“Янги авиақатновлар ўзаро сайёҳлар оқимини оширишда аҳамиятлидир. Шу билан бирга Маврикий бозорини Ўзбекистон туризми учун янги йўналиш сифатида очади. Маврикий аҳолисининг муайян қисмини ҳинд-мусулмон жамоалари ташкил этиши зиёрат ва гастрономик туризмни ривожлантириш учун истиқболли имкониятлар яратади. Шу орқали Маврикийдан келадиган сайёҳларга Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентнинг тарихий-маданий мероси, ислом цивилизацияси билан боғлиқ қадамжолар ҳамда миллий ошхона анъаналарини қамраб олган махсус туристик маҳсулотларни таклиф этиш имконияти кенгаяди”, – деди “Prestige Travel” компанияси асосчиси Ойбек Аҳмедов.

Авиақатновлар 2026 йилдан ҳар йили июнь–август ойларида амалга оширилаётган “Очиқ туризм мавсуми” дастури доирасида йўлга қўйилмоқда. Дастур туризм бозори иштирокчилари учун молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутади: янги йўналиш очаётган авиаташувчиларга ҳар бир жалб қилинган хорижий турист учун 100 АҚШ доллари субсидия ҳамда аэропорт хизматларида 20 фоизлик чегирма, маҳаллий туроператорларга эса узоқ хориждан жалб қилинган ҳар 1000 турист учун 5000 АҚШ доллари субсидия ажратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter