Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда ўсмирлар «Анти Рёдан» ҳаракатини ташкил қилгани аниқланди (видео)

Тошкентда ўсмирлар «Анти Рёдан» ҳаракатини ташкил қилгани аниқланди (видео)

Тошкент шаҳрида ўттиздан ортиқ ёшлар томонидан «Рёдан» ҳаракатига қарши «Анти Рёдан» ҳаракати ташкил этилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.  

«Биз алоҳида гуруҳ ташкил қилдик. Унинг иштирокчилари «Рёдан» ҳаракати ғоялари ҳеч қандай фойда келтирмаслиги ва давлатга хавф туғдириши мумкинлигини тушуниб етди», дейди гуруҳ аъзоси.

Гуруҳ асосчиларидан бирининг айтишича, «Рёдан» ҳаракати ҳақида интернетдан тўлиқроқ маълумот олишган.

«Ўрганиш жараёнида ҳаракат аъзолари динимиз, давлатимиз ҳақида ёмон гаплар гапирганини кўрдик. Энг ёмони, улар кўчада кетаётган ёшларга пичоқ бериб, одамларга қарши чиқиш кераклигини, уриб пичоқлаш кераклигини уқтирган. Шундан сўнг «Анти Рёдан» ҳаракатини тузиш хаёлимизга келди. Ижтимоий тармоқда гуруҳ очдик, ўттизтача одам йиғилди. У ерга битта «рёдан»чи қўшилиб олиб, якшанба куни барчангизни йўқ қиламиз деб дўқ урди», дейди у. 

«Рёдан» ёшлар субмаданияти бўлиб, унинг иштирокчилари манга ва аниме (япон комикслари ва мултфильмлари) «Hunter х Hunter»дан илҳомланган. Ушбу гуруҳдаги ўсмирлар узун қора соч ва катакли шим билан ажралиб туради. Шунингдек, уларнинг кийимларида «4» рақами туширилган ўргимчак расми ҳам тасвирланган. Аниме ва мангада «Геней Рёдан» ёки «Ўргимчаклар» деб номланган жиноий тўда мавжуд ва ўргимчак уларнинг рамзи ҳисобланади.

Дастлаб «Рёдан» ҳаракати интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан ташкил топган. Улар аниме мухлислари бўлиб, жамоада Япония анимеларини муҳокама қилган. Бироқ айни пайтда «Рёдан» ҳаракати турли даражадаги тан жароҳати етказиш, бировнинг мулкига зарар етказишни кўзлаган.

Тошкент шаҳар ИИББ бундай ҳаракатлар ташкилотчилари аҳоли орасида адоват ва ваҳима уйғотишга уринаётганидан огоҳлантирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 март куни «Рёдан» субмаданияти тарғиботи остида Тошкент шаҳрининг Халқаро форумлар саройи биноси ёнида элликка яқин ўсмир тўпланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг