Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда янги университет талабаларга ўз эшикларини очди (видео+фото)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Амити университети жорий йилнинг сентябрь ойидан талабаларга ўз эшикларини очиши керак эди. Бугун, 24 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Амити университетининг очилиш маросими ўтказилди.

Фото: «Xabar.uz»

Ушбу хорижий университет Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Амити университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фото: «Xabar.uz»

Очилиш маросимида ўқишга қабул қилинган талабалар ва уларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Ҳиндистоннинг Амити университетидан меҳмонлар, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти, соҳа корхона ва ташкилотлари мутасаддилари иштирок этишди.

Фото: «Xabar.uz»

Тантанали маросимда таълим муассасаси президенти Атул Чаухан ҳамда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов сўзга чиқишиб, мамлакатимизда АКТ йўналишида яна бир олий таълим даргоҳи очилиши, унга қабул қилинган илк талабаларни янги ўқув йили билан табриклашди. Университет ўқитувчиларига омад тилашди.

Фото: «Xabar.uz»

— Сизларнинг ҳар бирингизга ҳавас қиламан, — деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов талабаларга қарата. — Инсон ҳаёти давомида бир марта касб танлайди. Сизлар 30 йилдан буён энг талабгир бўлган соҳа, яъни, ахборот технологиялари, дастурлаш бўйича касбларни танлагансиз. Амити университети ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, Осиёнинг энг кучли 300та, дунёнинг 1000та етакчи олий таълим ўқув муассасалари қаторида туради. Ораларингиздан Ватанимизга равнақига муносиб ҳисса қўшадиган   раҳбарлар, дастурлаш бўйича кучли мутахассислар чиқишига ишончим комил. Барчаларингизга омад ёр бўлсин.

Фото: «Xabar.uz»

Олий таълим муассасаси ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, компьютер ва дастурий инжиниринг, сунъий интеллект ва менежмент соҳаларида мутахассислар тайёрлайди. Тошкентдаги Амити университетида маҳаллий педагог-мутахассислар билан бирга ҳиндистонлик 15 нафар профессор-ўқитувчилар талабаларга билим беришади.

Фото: «Xabar.uz»

Маълумот ўрнида:

  • Амити университети Ҳиндистонда етакчи хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланиб, унда 150 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Таълим муассасасининг бош корпуси Ноида шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг 11 та шаҳарда кампуслари мавжуд. Шунингдек, Нью-Йорк, Лондон, Дубай, Сингапур, Хитой, ЖАР ва жаҳоннинг бошқа шаҳарларида филиаллари фаолият юритади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг