Трамп барча уйсизларни Вашингтондан қувиб чиқармоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп уйсизлар Вашингтонни тарк этиши кераклигини айтиб, шаҳардаги жиноятларга қарши курашишга ваъда берди.
«Мен пойтахтимизни ҳар қачонгидан ҳам хавфсизроқ ва гўзалроқ қилиш ниятидаман. Уйсизлар зудлик билан чиқиб кетишлари керак. Биз сизни яшаш жойлари билан таъминлаймиз, лекин пойтахтдан узоқда», – деб ёзди Трамп якшанба куни твиттерда.
Трамп, шунингдек, душанба куни Оқ уйда матбуот анжумани ўтказиб, АҚШ пойтахтида зўравонлик жиноятларига қарши кураш режаларини ошкор этишини айтди. Трамп шаҳарни «ҳар доимгидан ҳам хавфсизроқ ва чиройли» қилишни хоҳлаётганини айтган.
Трамп 2022 йилда ҳам уйсиз одамларни шаҳар ташқарисига, ҳожатхоналар ва тиббий хизматлари бўлган «юқори сифатли» чодирларга кўчиришни таклиф қилган.
Вашингтон мэри Мюриэль Баузер,ўз навбатида, мегаполисда жиноятчиликнинг кўпаяётгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтади.
«Биз 2023 йилда жиноятчиликнинг авж олганини кўрганимиз рост. Лекин бу 2023 йил эмас. Биз сўнгги икки йил давомида бу шаҳарда зўравонлик жиноятига қарши курашиш учун жуда катта маблағ сарфладик ва уни 30 йилдаги энг паст даражага туширдик», – деди у якшанба куни MSNBC телеканалига берган интервьюсида.
Қайд этилишича, Вашингтонда аҳоли жон бошига қотиллик даражаси АҚШнинг бошқа шаҳарларига нисбатан юқорилигича қолмоқда, бу йил 98 та қотиллик қайд этилган. Мамлакат пойтахтида қотиллик даражаси ўн йил давомида ўсиб бормоқда.
Бироқ, январ ойидаги федерал маълумотларга кўра, Вашингтонда ўтган йили 30 йил ичида энг паст зўравонлик жинояти, жумладан, автомашиналарни ўғирлаш, ҳужумлар ва ўғирликлар қайд этилган.
Вашингтондаги уйсизлар муаммосини ҳал қилиш билан шуғулланувчи Community Partnership ташкилотининг Reuters агентлигига маълум қилишича, 700 минг нафар аҳолиси бўлган шаҳарда 3 782 нафар уйсиз одам бор. Уларнинг аксарияти давлат уйларида ёки бошпаналарида яшайди, бироқ 800 га яқини кўчаларда яшайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter