Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп Тўқаевни «Тинчлик кенгаши»га таклиф қилди

Трамп Тўқаевни «Тинчлик кенгаши»га таклиф қилди

Фото: Akorda.kz

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз ташаббуси билан тузилаётган янги халқаро тузилма — «Тинчлик кенгаши» (Board of Peace)га президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Қозоғистонни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг ёрдамчиси ва матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.

«Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев жаҳон етакчилари орасида биринчилардан бўлиб Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш, Қозоғистон эса таъсисчи давлатлардан бири бўлиши учун расмий таклиф олди. Бунга жавобан давлат раҳбари АҚШ президентига самимий миннатдорлик билдириб, ушбу янги уюшма таркибига киришга розилик билдирилган мактуб йўллади», — деди Руслан Желдибай.

Маълумотларга кўра, Трамп «Тинчлик кенгаши»га раислик қилади, ташкилотга кимлар аъзо бўлиши ҳам шахсан унинг ихтиёрида. Кенгашга таклиф этилган давлатлар уч йилгача аъзо бўлиши мумкин. Аммо агар давлат биринчи йил ичида кенгаш жамғармасига 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритса, унга доимий аъзолик кафолатланади.

Кенгашга кириш расман бепул, аммо катта молиявий ҳисса қўшган давлатлар чекловларсиз доимий мақомга эга бўлади. Йиғилган маблағлар асосан Ғазо сектори инфратузилмасини тиклашга йўналтирилиши режалаштирилган. Манба таъкидлашича, «деярли ҳар бир доллар» мақсадли сарфланиши назорат қилинади.

Уставга мувофиқ, кенгаш қарорлари «бир давлат — бир овоз» тамойили асосида қабул қилинади, аммо барча қарорлар якуний тарзда раис томонидан тасдиқланади.

АҚШ президенти Ғазо бўйича тинчлик кенгаши таъсисчиси бўлиш учун бир қатор давлатлар раҳбарларига таклиф юборган. Аргентина, Венгрия, Туркия, Покистон, Миср, Иордания, Қатар ва Италия тегишли таклифларни олганини тасдиқлади ва уларни қабул қилишга розилик билдирган. Таклифномалар Франция, Германия ва БАА етакчиларига ҳам юборилган, бироқ ҳозирча улардан расмий тасдиқ келмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг