Уйингизни текинга тозалаб берамиз! Фақат шартимиз бор...
Замонавий технологиялар ва кундалик ҳаёт ўртасидаги чегаралар кун сайин йўқолиб бормоқда. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзгача бизнес-модел ва улкан келажак режалари билан бозорга кириб келган Shift номли янги стартап бутун технологик ҳамжамият эътиборини ўзига қаратди. Лойиҳа фойдаланувчиларга уйни тозалаш хизматини мутлақо бепул тақдим этади, бироқ бунинг эвазига ўта муҳим бир шарти бор, тозалаш жараёнида йиғилган видеомаълумотлар сунъий интеллект ва келажакдаги уй роботларини ўқитиш учун ишлатилади.
Анъанавий тозалаш компанияларидан фарқли ўлароқ, Shift ўз мижозларидан хизмат ҳақи олмайди. Бу ерда тўлов пулда эмас, балки реал ҳаётдаги маълумотлар билан тўланади. Мутахассислар уйни тозалаш чоғида махсус қурилмалар ва камералар орқали хоналарнинг тузилишини, буюмларнинг жойлашувини ҳамда инсоннинг кундалик ҳаракатларини ёзиб олади. Тўпланган визуализация рақамли базага уланиб, сунъий интеллект алгоритмларини такомиллаштиришга йўналтирилади. Мижоз тоза ва саранжом уйга эга бўлса, стартап келажакдаги маиший роботларни дала шароитида синовдан ўтказиш учун ноёб датасетга эга бўлади.
Робототехника ва катта тил моделлари келажакда мустақил равишда уй ишларини бажариши учун улар миллионлаб соатлик реал ҳаёт кўринишларини кўриши ва таҳлил қилиши керак. Лаборатория шароитидаги сунъий муҳит реал ҳаётнинг тартибсизлигини, турли хил уй шароитларини тўлақонли акс эттира олмайди. Shift стартапи айнан шу бўшлиқни тўлдириб, роботларга ҳаёт дарсларини ўтадиган амалий майдонни яратмоқда.
Табиийки, ўз уйини бегона камераларга муҳрлаш ва бу маълумотларни технологик компанияга топшириш кўпчиликда ҳақли саволларни туғдиради. Shift раҳбарияти эса махфийлик масаласи қатъий назорат қилинишини, шахсий маълумотлар, ҳужжатлар ёки махфий кадрлар фильтрланиб, фақатгина роботларнинг ҳаракат траекторияси ҳамда предметларни фарқлаш кўникмалари учун зарур бўлган қисмлар сақлаб қолинишини таъкидламоқда.
Нью-Йоркда иш бошлаган бу каби стартаплар келажакда биз фойдаланадиган ақлли уй ёрдамчилари ва робот-технологиялар қандай қилиб тайёрланишидан далолат беради. бепул хизмат ортида аслида улкан маълумотлар базасини шакллантириш стратегияси ётибди ва эҳтимол, яқин келажакда уйларимизни тозалайдиган роботлар айнан шундай лойиҳалар базасида камол топади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter