Янги жиноят: вояга етмаганга диний таълимотдан сабоқ бериш

Жорий йил 8 августдаги ЎРҚ-1080-сон Қонун билан амалдаги Жиноят кодексига 229-2-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилди.
Унга кўра, «махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Мазкур Қонун 2025 йил 10 ноябрдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎРҚ-1035-сон қонун билан «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритилган ва унга кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги, улар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотларга ёхуд махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълимни амалга ошираётган шахсларга диний таълим олиш учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган эди.
Манба: lex.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter