Янги Тошкентда 50 млн долларлик ва ундан йирик лойиҳалар қўллаб-қувватланади
Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон фармони билан Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, асосий мақсадлардан бири мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва туризм салоҳиятини ошириш учун қиймати 50 млн АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлган шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократик ғовларни бартараф этиш белгиланган.
Фармон иловасида кўрсатилган махсус ҳудудларда шаҳарсозлик соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими жорий этилади.
Шунингдек, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига қонунчилик ҳужжатлари билан берилган ваколатлар, имтиёзлар ва ҳуқуқлар бошқа махсус ҳудудларни барпо этишга масъул дирекцияларга ҳам татбиқ этилади.
Жумладан, ушбу дирекциялар ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш бўйича ҳужжатларга қўйиладиган талабларни мустақил белгилаш ва тасдиқлаш, ер участкаларини сотишда уларда барпо этиладиган объектларга қўйиладиган асосий талабларни белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, махсус ҳудудлардаги ер участкаларини реализация қилишда ҳар бир лойиҳа учун алоҳида техник шарт белгилаш ваколати ҳам берилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter