Янгиерда бир йигитнинг аёвсиз калтаклангани видеоси тарқалди
Ижтимоий тармоқларда бугун, 10 ноябрь куни Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳрида содир бўлган жанжал видеоси тарқалди. Видеода бир йигитни бир неча киши аёвсиз калтаклагани, ёғоч тўқмоқ билан танасининг турли жойларига уришганини кўриш мумкин.
- ДИҚҚАТ! Видеода зўравонлик тасвирлари мавжуд (+18)
«Xabar.uz» ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизматидан расмий маълумот олди.
Қайд этилишича, 2020 йил 10 ноябрь куни соат 13:00 ларда Янгиер шаҳар «Шодлик» МФЙ ҳудудида жойлашган «GRILL BAR» кафеси ташқарисида ушбу кафе официанти – 1997 йили туғилган Ҳ. Ж.ни унга олдиндан таниш бўлган 1995 йилда туғилган Т. С., 1994 йилда туғилган М. Ш. ва 2001 йилда туғилган Р. Б. ўзаро олдиндан бўлиб турган келишмовчиликлар сабаб қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, кишининг соғлиғига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган ёғоч жисмдан фойдаланиб, безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатган ҳолда танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказишган ва воқеа жойидан кетиб қолишган.
Натижада Ҳ. Ж. ўнг қўл кичик бармоғи ёпиқ синиши, иккита тишининг синиб тушиши, танасининг кўплаб қизарган, сидирилган жароҳатлари билан Сирдарё вилояти ШТТЁМ га мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан Янгиер шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter