Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Яшил энергия» ечимми ёки муаммо?

«Яшил энергия» ечимми ёки муаммо?

Қачондир қуёш нури, шамол ва тўлқинлар кучи тугаб қолиши ҳақида эшитганмисиз? Йўқ, албатта.

Шуларни инобатга олсак, “Яшил энергия” деганда инсонлар кўз олдига ифлосланган шаҳар ва қишлоқларни аввалги ҳолатига қайтариб, яшил сайёрага айлантириш кела бошлайди. Қолаверса, яшил энергиядан фойдаланиш қазиб олинадиган ёқилғиларга қарамликни камайтиради. Бу эса энергия ишлаб чиқариш таннархининг пасайишига олиб келади. Бироқ....

“Яшил энергия”нинг биз билмайдиган сирлари...

Таом тайёрлаш учун электр газ плитасини, уйни иситиш учун электр иситкични ёқасиз, маиший техникалар ҳаттоки автомобиллар учун ҳам электр токидан фойдаланасиз. Ахир электр энергияни газ ва кўмирдан эмас, қуёш панеллари, шамол турбиналари ва ҳакозолардан оляпмиз-ку!. “Бу эса табиат учун мутлақо зарарсиз… энди ортиқ иссиқхона газларини чиқариш ҳақида ўйламасак ҳам бўлади…”

Бир қарашда ҳаммаси оддий. Аммо тўхтанг, бироз шошманг!… яшил энергия қаердан олиниши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ички ёнув двигателли машиналар хатосини такрорламайдиган – электромобиллар қандай ишлаб чиқарилади?

Дастлаб кўзимизга мўжизадек кўринган бундай технологиялар аста-секин ўз сирларини фош қилмоқда. Қайси биридан бошлашни ҳам билмайсан. Келинг, экологик тоза автомобиллардан бошлаймиз. Аввало бир нарсани яхши тушуниб олишимиз зарур, электр автомобилари CО2 гази чиқармайди дегани улар табиатни зарарламайди дегани эмас. Бундай автомобилларни ишлаб чиқариш жараёнига назар солсак.

Ички ёнув двигателли машиналарнинг таянчи уларнинг мотори ҳисобланади. Электр транспорт воситасининг энг муҳим компоненти литюм-ионли батарея. У транспорт воситасининг юраги яъни энергия манбаи ҳисобланади. Бундай батареялар ердан қазиб олинадиган ноёб минераллардан ташкил топган. Улардан бири – графит литюм-ионли батареянинг энг асосий қисмидир, чунки батареянинг ярми графитдан иборат. Шунингдек, у аноднинг асосий хомашёси бўлиб, аксарият электромобилларнинг аккумулятор анодлари 100% графитдан ташкил топади. Одатда ҳар бир автомобилга ўртача 50 дан 100 килограммгача графит керак бўлади.

Қисқа вақт ичида электр транспорт воситалари ишлаб чиқарилишининг ўсиши билан зарур графитга талаб кескин ошди. Биргина Хитойнинг ўзида ўртача йиллик графит ишлаб чиқариш тахминан 820 минг тоннани ташкил этади, бу дунёдаги умумий ишлаб чиқаришнинг тахминан 79% демакдир.

Минераллар роли

Миқдори(кг)

Умумий оғирлиги

Графит анод

52

28.1

Алюминий катод/қобқоқ/коллектор

35

18.9

Никел катод

29

15.7

Мис ток коллекторлари 

20

10.8

Челик корпус

20

10.8

Марганетс катоди

10

5.4

Кобалт катоди

8

4.3

Литюм катод

6

3.2

Темир катод

5

2.7

Жами

185 kg

100%

Юқорида битта электр автомобилини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган ноёб минераллар миқдори кўрсатилган. Ҳисоб китобларга кўра, ноёб минераллар ҳажми двигателли машиналарга қараганда электромобилларда 5-6 баробар юқори. Бу шуни англатадики, ноёб минераларни қазиб олиш ҳозирда анча юқорилаб кетган.

Нафақат электромобилларга балки “яшил энергия” ишлаб чиқарувчи барча ускуналарга бундай минераллар сув ва ҳаводек зарур. Улар хоҳ қуёш электростансиялари бўлсин, хоҳ иссиқлик электростансиялари.

Энди масаланинг иккинчи томонига ўтсак. Шунча минераллар қаердан олинади? Буни топиш қийин эмас. Бугунги кунда электромобиллар савдоси бўйича ҳеч бир давлат Хитойга тенг кела олмайди. Ўз-ўзидан англашиладики, ноёб минераллар конлари ҳам айнан Хитойда жойлашган. “NPR News” нашри эълон қилган мақолада шундай дейилади:

“Хитой дунёдаги графитнинг учдан икки қисмидан кўпроғини, ноёб ер минералларининг эса 60 фоизини қазиб олади. У кобалт конларининг деярли ярмига эгалик қилади ва литийнинг тўртдан бир қисмини назорат қилади”

Масалан, мамлакатнинг энг йирик графит ишлаб чиқарувчиси Aoyu Graphite Group ва литюм-ион батареялар учун графит етказиб берувчи BTR New Energy Materials компаниялари шулар жумласидан.

Энг тоза энергия – иллюзия

Кон ва шахталар атрофида истиқомат қилувчи одамлар фикри ва экологиянинг аҳволи эътиборга муҳтож. Графит қазиб олиш ва қайта ишлаш катта миқдордаги майда чангни ҳосил қилади. Ундан нафас олиш кончилар ва яқин атрофдаги аҳоли саломатлигига хавф туғдиради. Бу пневмоконёз (сурункали ўпка касаллиги) каби нафас олиш касалликларига олиб келади. 10 йилдан ортиқ вақт давомида графит чангини нафас олган ишчиларнинг катта қисми пневмокониознинг II ёки III босқичини бошдан кечиради. Бундай кассаликларни даволаш деярли имконсиз. Кўпгина заҳарланган ишчиларда ўпка функцияси ёмонлашади, сурункали йўтал ва жисмоний қобилият пасайиши кузатилади. “Wаshington post” журналининг Хитойдаги конларда олиб борган суриштирувлари шуни кўрсатадики, аҳоли ва табиат ўсиб бораётган графит қазиб олинишидан мутлақо норози.

Хитойнинг узоқ шимоли-шарқидаги қишлоқда яшовчи Чжан Тулинг шундай дейди:

“Кундузги ёруғликда зарралар ҳамма нарсани қоплайдиган кулранг чанг бўлиб кўринади. У яшил экинларни ўлдиради, ташқарида осилган кирларни ифлос қилади ва озиқ-овқатда қум зарраларини қолдиради. Қишлоқдаги қудуқ суви ҳам ичиб бўлмайдиган ҳолга келди”.

Графит конларида атрофида яшовчи аҳолининг ачинарли ҳаёти баён қилинган мазкур мақолада таъкидланишича, литюм-ионли батареялардан фойдаланадиган йирик Samsung, LG Chem ва Panasonic каби компаниялар "тоза" технологиянинг ёрқин келажагини тарғиб қилишини иддао қилади. Бундай батареяларнинг деярли барчаси эса графитдан фойдаланади.

Мисол учун, Samsung ўзининг корпоратив барқарорлик ҳисоботида айтилишича:

“Биз атроф-муҳитга таъсиримизни камайтирадиган барқарор ривожланишга интилаётганимиз сабабли, айниқса маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳаракат қиляпмиз”

Apple ва LG Chem ҳам худди шундай даъволар билан чиққан. Графитнинг Хитойда арзон ишлаб чиқарилиши, кўпинча атроф-муҳит назоратисизлиги, эски саноат буларнинг барчаси экотизмга зарар етказади.

У ерда биргина ҳаво зарарланмайди, графит заводи ифлослантирувчи моддаларни маҳаллий сувларга чиқаради, шундан сўнг оқим дарёга бориб қуйилади. Бу сувдан суғориладиган дарахтлар ва ўсимликлар нобуд бўлади. Қишлоқ аҳолиси билан бўлган суҳбатда графит зарралари қанчалар турмуш тарзини қийинлаштираётгани билиш қийин эмас.

“Агар деразани очиқ қолдирсангиз, графит ҳамма жой – мебелда ҳам, пластинкада ҳам бўлади. Дераза токчаларида тўпланиб қолади. Биз етиштирган гилосни чанг қоплайди”, деди 51 ёшли Ли Жие.

Юқоридагилар биргина графит ишлаб чиқариш мисолида кўрсатилган. Бундан ташқари, Хитойнинг ўзида индиум, антимонй, галиум, волфрам ва ҳоказо минераллар қазиб олинади. Литюм-ионли батареялар учун Кобалт минералининг асосий қисми Конго Республикасидан, Литий эса Австралия, Чили ва Боливиядан келтирилади. Шундай ноёб минералларсиз на электр машиналар ҳаракатланишини на “яшил энергия” олишни тасавур қилиб бўлади.

“Garvard International Review” маълумотларига кўра, бир тонна ноёб тупроқ элементларини ишлаб чиқариш учун қазиб олиш 30 фунт чанг, 9600-12000 куб метр чиқинди газ, шу жумладан гидрофторик кислота ва олтингугурт диоксиди, 75 куб метр оксидли оқова сув ва бир тонна радиоактив заҳарли қолдиқлар, 2 миллион га яқин чиқиндиларга олиб келади.

Қайта тикланадиган энергияни олиш ва ундан иссиқ хона газларининг чиқмаслиги бир қарашда “Иқлим ўзгариши” муаммосининг ечими. Аммо бошқа томондан, тоза энергия олиш учун қайта зарарланаётган табиат ва сўроқ остида қолаётган инсонларнинг соғлиги. Балки қачондир “яшил энергия” дарҳақиқат хавфсиз ва самарадор бўлар, ҳар ҳолда инсоният ривожланишда давом этмоқда, аммо ҳозирча уни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнида етарлича муаммолар борлигини тан олишимиз лозим.

Маликабону Муҳаммедова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг