Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Йўқолсин зараркунандалар! «Ўзагрокимёҳимоя» фермер ва деҳқонларга мурожаат қилди

Йўқолсин зараркунандалар! «Ўзагрокимёҳимоя» фермер ва деҳқонларга мурожаат қилди

Фото: «Leicasa.it»

Ҳурматли фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари

Қишлок хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фермер ва деҳқонлар жуда катта синов даврига келишди. Деҳқончиликда ўзи осон иш йўқ! Мана шу йил ҳам об-ҳаво ҳарорати деҳқонларимиз парваришлаётган экинлар учун ноқулай келди, айниқса, пахта етиштириш учун вегетация даврида керакли ҳарорат ололмай, пахта ривожи бир неча кунга кеч қолмоқда. Шу билан бирга ушбу об-ҳаво табиатдаги биз етиштираётган пахтага жиддий зарар келтирувчи ҳашарот ва зараркунандалар кўпайиши учун жуда мақбул келди.

Ўзбекистоннинг иқлим шароити қишлок хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга жуда қулай бўлиши билан бир қаторда, табиатдаги ҳашарот ва зараркунандалар яшаши учун ҳам яхши муҳит ҳисобланади.

Албатта, бу борада олимлар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ҳашарот ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари жиддий ўрганилиб, ўсимликка етказадиган зиёнининг олдини олиш юзасидан биологик ва кимёвий ҳимоя чоралари бўйича тавсиялар белгилаб берилган.

Ваҳоланки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи деҳқон ва фермерларимиз ушбу тавсияларга аҳамият бермай, ўз устиларида ишламай қўйишди. Оқибатда зараркунандалар ўсимликларга зарар келтиришининг олдини олиш (профилактика) билан эмас, балки ҳашарот зарар келтиргандан сўнг унга қарши курашмоқдалар. Бу эса ўз навбатида салбий натижаларга, яъни катта меҳнат ва маблағ сарф қилиб етиштирилаётган ҳосилимизнинг 30-40 фоизини йўқотишга олиб келмоқда.

Ўзбекистон шароитида пахта етиштиришда асосий зараркунандалар аниқ бўлиб, булар кузги тунлам (илдиз қурти), шира, трипс, ўргимчаккана, беда ва ғўза қандаласи ҳамда кўсак қурти ҳисобланади. Республикамиз олимлари томонидан ушбу ҳашаротларга қарши биологик ва кимёвий кураш усуллари ҳамда тавсиялари берилган, лекин, яна такрор бўлса ҳам таъкидлаймиз, качонки ҳашарот ва зараркунандалар зиён келтираётганини кўрмасак, унга қарши кураш олиб борилмаётгани ва натижада ҳосилга сезиларли зарар келтириб улгурган ҳашаротни бартараф этиш билан шуғулланиб келмоқда.

Албатта, бундай вазият пайдо бўлишига ўзига хос объектив ва субъектив сабаблар бўлган. Лекин, бугунги кунда республикамиз фермерлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларига баҳона ва сабабга ўрин йўқ. Чунки муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳа каби қишлоқ хўжалиги соҳасини молиялаштириш ва техник жиҳозланиш даражаси жуда юқори, барча имкониятлар яратилган! Бу шароитда маҳсулот етиштира олмасак, демак, ишламаган ва давлатга, жумладан, халқимизга хиёнат қилган бўламиз.

Ҳозирги кунда пахтадаги ҳашарот ва зараркунандаларга қарши курашиш учун «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти омборларида барча турдаги кимёвий препаратлар захираси мавжуд ва жойларда отряд усулида қарши кураш ишлари олиб борилмоқда.

Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда соҳа мутахассислари, тегишли ташкилотлар ва ҳурматли фермерлар!

Пахта етиштиришда жойлардаги ҳашарот ва зараркунандалар тарқалган ўчоқ ҳудудлар ва контурлар сизларга маълум. Тавсия қилардикки, ушбу мавсум йилида ва бундан буён ҳашаротлар зиён келтириши билан эмас, зиён келтиргунига қадар (профилактик) кимёвий ишловлар ўз вақтида ўтказилишини ташкил қилайлик ва меҳнатимиз натижасини хирмонга тўлиб-тошиб кетадиган ҳосил билан ҳамда хонадонларимиздаги файзу-баракасида кўрайлик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг