Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зангиоталик эркакка 35 ёшида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди

Зангиоталик эркакка 35 ёшида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди

Фото: «Xs.uz»

Зангиоталик О.Нурматов 35 ёшда. Бироқ ҳалигача туғилганлик гувоҳномасига эга эмас. Нега?

Бунинг тарихи қисқача шундай. 1985 йилда Зангиотадаги хонадонларнинг бири остонасига номаълум шахслар чақалоқ (ўғил бола) ташлаб кетади. Ўша шахслар кейинчалик ҳам топилмади. Чақалоқни ташлаб кетганлар шу хонадон аҳлининг болажонлигини билганлиги учунам шундай йўл тутгандир? Яна қайдам...

Аниғи шуки, болани топиб хонадон эгалари бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто боланинг ўзига ҳам билдирмади. Бу билан боланинг кўнгли авайлангани хўб маъқул. Бироқ ҳужжат ишлари бор. Йиллар давомида сақланган сир болага туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишга тўсқинлик қилди. Тўғри, болага оталик қилган шахс кейинроқ уриниб кўрди. Аммо унинг туман халқ таълими бўлими ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик органига, туман ФҲДЁ бўлимига, туман маъмурий судига, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига қилинган мурожаатларига қарамай барибир масалага ечим топилмади.

Айни муаммо эса О.Нурматов мактаб таълимини ҳам олиш имкониятидан маҳрум қилди. Вояга етгач, ота-онасининг орзусини амалга ошириш учун оила қуришга рози бўлди. Шаръий никоҳ асосида уйланди. Шу кунга қадар 2 нафар фарзанднинг отаси ҳам бўлдию, аммо уларга ўз номини беролмади.

Ниҳоят, масалага туман адлия бўлими арашди.

Аниқланган ҳолатлар ва тўпланган ҳужжатларга кўра Зангиота тумани адлия бўлими тегишли судга О.Нурматовнинг манфаати юзасидан ариза киритиб, унинг туғилганлик фактини белгилаш сўралди.

Суд аризачи ва манфаатдорлар, гувоҳларнинг суд мажлисида берган баёноти асосида ҳамда суд экспертиза илмий-амалий маркази Қайта комиссион ва комплекс экспертизалар бўлими хулосасига таяниб, аризани қаноатлантирди.

Шу тариқа О.Нурматов 1985 йил 1 январь куни туғилганлик факти белгиланиб, бир неча йиллик оворагарчиликка барҳам берилди.

Ш.Маҳмудов,
Зангиота туман адлия бўлими бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг