Завол топган муҳаббат
Ромина Аль Бано Карризига турмушга чиқишини айтганида, онаси қаттиқ ғазабланиб, хитоб қилган эди: «Деҳқоннинг ўғли, паст бўйли, кўзойнак таққан, кўзга яқин ҳам тушмайдиган йигит! Сен унда нимани кўрдинг?» Бу аёлга Аль Бано аллақачон машҳур қўшиқчи эканлиги муҳим эмасди. Ҳатто, айтишларича, у тўйга рухсат олиш учун қайнонасига катта миқдорда пул тўлашга мажбур бўлган. Аммо Аль Банонинг ота-онаси ҳам ўғли танлаган қизни хушламадилар: «тантиқ қиз қандай қилиб яхши хотин ва она бўла олади?» – дейишди улар.
Шунга қарамасдан, Карризи ва Пауэр никоҳдан ўтишди. Беш йилдан сўнг, икки фарзандли бўлишгач, биргаликда мусиқий дуэт яратишди. Ва қисқа фурсатда дунё миқёсида шон-шуҳрат қозондилар. Сан-Ремодаги Италия қўшиқлар танловида бир неча бор совринли ўринларни эгаллашди. «Ci Sarà» хониши билан биринчи ўринни олишди. «Libertà» қўшиғи эса Италияда норасмий миллий гимн сифатида тан олинди.
Уларнинг машҳурлиги чўққига чиқди – ҳатто собиқ иттифоқда ҳам уларни яхши кўришарди. Саҳнада кўрсатаётган муҳаббатлари сохта эмасди: Аль Бано ва Ромина ҳақиқатан бир-бирини севарди. Улар бир-бири учун яратилгандек эди. Бу жуфтлик жуда уйғун бўлиб, алоҳида тарзда тасаввур қилиш деярли мумкин эмасди.
Аль Бано ва Роминада барча нарса бор эди: шон-шуҳрат, бойлик, журнал муқоваларидаги фотосуратлар, суҳбатлар, Апулия вилоятидаги катта ҳовли ва хизматкорлар.
1980 йилларнинг охирида улар яна икки фарзанд кўришга қарор қилишди. Ромина учун жисмонан оғир бўлса-да, у қўшиқ куйлаш ва гастроллардан тўхтамади. Шу билан бирга, меҳрибон она ва соғлом оила қурган аёл бўлиб қолди. Ромина эрини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватларди. Фақат бир нарса уни безовта қиларди: доимий сафарлар туфайли фарзандларига етарли вақт ажрата олмаётганди. Кейин эса...
Ҳаммаси бир лаҳзада вайрон бўлди. 1994 йил январь ойида уларнинг ҳаёти «олдин» ва «кейин» сифатида қоқ иккига бўлинди. Машҳур эр-хотиннинг феличитаси – бахти, шодлиги бир зумда йўқ бўлди: чунки хабар келган – уларнинг тўнғич қизи Иления Нью-Орлеандаги меҳмонхонадан чиқиб кетган ва қайтмаган эди. Турли манбаларга кўра, у Америкага ёшлар фестивалига борган ёки китоб ёзиш учун материал йиққан.
Ота-она барча имкониятларни ишга солди: полиция, экстрасенслар, ҳатто Сицилия мафияси ва «Интерпол» ҳам қидирувга жалб этилди. Лекин ойлар, йиллар ўтди – фақат миш-мишлар ва тахминлар пайдо бўлди, холос. Кимдир айтди: у гуру билан алоқада бўлган, бошқалар – гиёҳвандликка берилиб кетган, яна ўзгалар – Миссисипи дарёсига сакраган, дейишди. Аммо ҳатто қизнинг жасадини ҳам топишнинг иложи бўлмади.
Орадан бир неча йил ўтгач, Аль Бано журналистларга қизининг тирик эканига ишонмаслигини айтиб, унинг ўлимига кўникишга мажбур бўлганини тан олди. Бу эса Роминани дарғазаб қилди:
– Сен қизимизни унутдинг! – деб ҳайқирди у. Ва эри билан ажрашишга қарор қилди. Уларнинг машҳур дуэти ҳам ўз-ўзидан парчаланиб кетди.
Ромина таниб бўлмас даражада ўзгарди. Унинг юзида нур қолмади, чуқур депрессияга тушди. Кейин йога билан шуғуллана бошлади, Ҳиндистонга сафар қилди.
2013 йилда Иленияни қидириш расман тўхтатилгани ҳақида эълон қилинди, аммо Ромина барибир тинчланмади. Ахир она учун боласини йўқотишдан оғирроқ азоб йўқ!
Аль Бано якка ижод йўлини танлади. Шунингдек, узумзорлар барпо этди, вино ва зайтун мойи ишлаб чиқара бошлади. Ромина сценарийлар ёзди, ҳужжатли фильмлар суратга олди, расм чизиш билан шуғулланди. Кейин эса ватани – Америкага қайтди. Ҳеч ким «Аль Банонинг хотини» деб қарамайдиган мамлакатга. Журналистлар ҳам ундан қизининг йўқолгани ҳақида оғриқли саволлар бермасди.
2013 йилда Ромина Аль Банонинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан Россиядаги концертга чиқиш таклифини қабул қилди. Саҳнада собиқ эр-хотин яна бир-бирига муҳаббат билан тикилиб қарашди. Аммо бу эндиликда бошқача туйғу эди – муҳаббат эмас. Уларнинг севгиси завол топиб бўлган эди.
Шундан сўнг Аль Бано ва Ромина Пауэр гоҳ-гоҳ биргаликда қўшиқ айтишда давом этдилар. 2015 йилда, ҳатто яна бир бор Сан-Ремо саҳнасига чиқишди. Ва ўшанда ҳам, илгари бўлганидек, уларнинг овози қалбларни титратадиган даражада жозибали ва таъсирли эди...
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter