Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕИ Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим секторига 6 миллион евро ажратди

ЕИ Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим секторига 6 миллион евро ажратди

Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни рағбатлантириш учун Ўзбекистон ҳукуматига 6 миллион евро (қарийб 82 миллиард сўм) миқдорида грант ажратди.

ЕИ делегацияси хабарига кўра, ушбу маблағ мамлакат макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишда илғор натижалар кўрсатгани сабаб тақдим этилган.

Грант билан биргаликда қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ислоҳотларни режалаштиришида техник кўмак ҳам кўрсатилган.

ЕИ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги келишувга кўра, 2020-2030 йилларга мўлжалланган Миллий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини қўллаб-қувватлашга жами 20 миллион евро ажратилиши кўзда тутилган. Демак, жорий ва келгуси йилда яна қўшимча грантлар кутилмоқда.

Кўзланган мақсад эса Ўзбекистон халқини кўпроқ иш ўринлари ва даромадлар билан таъминлайдиган бозорга олиб чиқиш, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, барқарор аграр сектордан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

«Қишлоқ хўжалиги сектори Ўзбекистон иқтисодиёти учун ўта муҳим ва фуқароларни иш билан таъминлайдиган асосий манба ҳисобланади.  Қолаверса, оилавий хўжаликлар Ўзбекистон фуқаролари томонидан истеъмол қилинадиган гўшт ва сабзавотларнинг асосий қисмини етиштиради. Шу боис биз ушбу деҳқон хўжаликларининг ривожланиши, ўзгарувчан иқлим шароитига мослашиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиши, соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириши ҳамда маҳаллий ва глобал қиймат занжирининг бир қисмига айланишига имкон берадиган ислоҳотларга эътибор қаратмоқдамиз», – дейди ЕИнинг юртимиздаги элчиси Шарлотта Адриан.

Барқарор қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат сектори ЕИнинг Ўзбекистон учун узоқ муддатли индикатив дастурининг (2021-2027 йиллар) учта стратегик устувор йўналишларидан биридир. Брюссель аграр секторга 20 миллион евро миқдоридаги грантдан ташқари 2020-2023 йиллар оралиғида яна 32,5 миллион евро кўмак кўрсатган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ҳамда ЕИ ўртасида қишлоқ хўжалигида лойиҳа амалга ошириш бўйича молиявий битим имзоланган эди.

Маълумот ўрнида, 2023 йил 22 ноябрь куни Европа Иттифоқи Преференцияларнинг бош тизими («GSP+») амалдаги муддати Ўзбекистон учун яна тўрт йилга узайтирилди.

«GSP+» тизимининг бенефициар мақоми ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имкониятини яратади. Ўзбекистон мазкур имтиёзли тизим доирасида Европа бозорига қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам экспорт қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг