Қўшниларнинг эҳтиёжларини ҳам тушуниш керак – Қирғиз энергохолдинги раҳбари

Бугун, 12 декабр куни Қирғизистон Миллий энергетика холдинги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатдаги электр энергияси тақчиллиги, қўшни давлатлардан импорт қилиш ҳақида сўз борди.
Холдинг бошқаруви раиси Талайбек Байғозиевга кўра, мамлакат жорий йил учун Туркманистондан 1,3 миллиард киловатт/соат энергия сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган бўлса-да, ҳали бу ҳажмни тўлиқ импорт қилиб олганича йўқ.
Матбуот анжуманида бунга Ўзбекистонда кузатилаётган электр энергияси тақчиллиги сабаб қилиб кўрсатилган.
«Ўзбекистон транзитчи давлат сифатида ўзида кузатилаётган энергетика тақчиллиги пайтида бундай ҳажмларни ўтказиб юбора олмайди. Улар ҳақиқатда ушбу электр энергиясини оляпти ва шу сабаб бизга етиб келмаяпти. Умуман олганда, улар ўз зиммаларига истеъмол қилган электр энергиясини қайтариш бўйича мажбурият олганлар», — деди Байгазиев.
Байгазиев, шунингдек, «қўшниларнинг эҳтиёжларини тушуниш керак»лигини, энергетиклар, масалан, истеъмолнинг энг юқори соатларида бир-бирига ёрдам бериб келишини таъкидлаган.
Маълум қилинишича, Қирғизистон жорий йил Қозоғистон билан ҳам 450 миллион киловатт/соат импорт бўйича келишувга эришган ва бу электр қуввати аллақачон мамлакат истеъмолига йўналтирилган. Шунингдек, декабр ойи учун ҳам 200 миллион киловатт/соатгача етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган, бироқ Қозоғистондаги Экибастуз станцияларида ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг аварияли носозликлари содир бўлаётгани боис ҳозирча импорт тўхтаб қолган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter