Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин Ҳиндистон бош вазирига ён берди

Путин Ҳиндистон бош вазирига ён берди

Путин ва Моди Ново-Огарёво қароргоҳида.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди рус армияси сафида Украинага қарши урушда қатнашаётган ҳинд фуқаролари борасида келишувга эришди. Ҳиндистон матбуоти хабарига кўра, Нарендра Моди 8 июль куни Москвада Путин билан мулоқотда Ҳиндистон фуқаролари масаласини кўтарган.

Мезбон давлат раҳбари меҳмоннинг талабига ён берган.  Икки давлат етакчиси келишувига мувофиқ ҳозирда Россия армияси таркибида жанг қилаётган Ҳиндистон фуқаролари хизматдан бўшатилади ва ватанига қайтарилади.

Айни пайтда 30-40 нафар Ҳиндистон фуқароси Россия армиясида хизмат қилаётгани айтилади. Уларнинг аксари ёлғон ваъдалар билан жалб этилган ва Украина урушига сафарбар қилинган. Жанг майдонида камида икки ҳиндистонлик ҳалок бўлган.

Кремль матбуот хизмати Путин ва Моди жанг майдонидаги ҳиндистонликлар борасида келишувга эришгани ҳақидаги хабарга изоҳ бермаган.

Жорий йил май ойида ҳинд полицияси мамлакат фуқароларини Россияда мўмай даромадли иш ва университетда ўқиш ваъдаси билан рус армиясига жалб этиш билан шуғулланган тўрт шахсни қўлга олганди. Бунинг ортидан расмий Деҳли Москвадан ҳинд фуқароларини урушга ёлламаслик ва айни пайтда Россия армияси сафида бўлганларини ватанига қайтаришни талаб қилган эди.

Россия Украина ҳудудига бостириб кирган дастлабки ойларда Ҳиндистон бетараф мақомда туришга уринган. Ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан стратегик ҳамкорликка эга мамлакат Ғарб босимига қарамай, Россия тажовузини қоралашдан тийилган.

Аммо кейинги вақтларда Ҳиндистоннинг Украина уруши борасидаги позицияси ўзгарди. Деҳли Москвани қуролли зиддиятни мулоқот йўли билан ҳал этишга чақира бошлади.

Маълумот ўрнида, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди кеча, 8 июль куни Москвага борди. Бу унинг 2019 йилдан буён Россияга дастлабки ташрифидир. Путин ва Ноди сўнгги бор 2022 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ШҲТ саммити доирасида учрашган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг