Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

Алишер Қодировга: «Бир ярим миллион сўм маош учун ҳам миннатми?...»

Алишер Қодировга: «Бир ярим миллион сўм маош учун ҳам миннатми?...»

Фото:«BBC»

«Савиясизлар ҳақида оташин нутқ»

«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров зиддиятли шахс. Етакчининг тил ва байроқ ҳақидаги оташин фикрлари сафдошлари қатори кўплаб ватанпарварларга мойдай ёқди. Шу баҳонада партия лидери ўз обрўсини маълум даражада кўтариб олди.

Аммо... Унинг ўқитувчилар ҳақида билдирган фикри нафақат таълимда меҳнат қилаётганлар, балки оддий кишиларнинг ҳам ғазабини қўзғатди.

Иқтибос: «Бугун халқ таълимига 10 трлн. сўм маблағни йўналтиряпмиз. Шундан 1.7 трлн. сўм қурилишга кетяпти. Балки биз савиясиз ўқитувчиларга маош беришга кўп пул сарфлаётгандирмиз, балки кўпроқ маблағни мактаблар қуришга сарфлармиз?»

Бир нарса аниқ: бугун мактабларда ишлаётган ўқитувчиларнинг ҳаммасини зўр, билимли дея олмаймиз. Аммо масаланинг асосий жойи шундаки, зўр ҳам, ғўр ҳам бир ярим миллион (дарс соати ва ҳудудига қараб 2-2.5 миллион сўм) маош олишга мажбур бўлмоқда. Айрим ўқитувчиларнинг маоши эса бир миллионга ҳам етмайди. Бундан хабарингиз борми, жаноб Қодиров? Қишлоқдаку, қўшимча тирикчилик эвазига чидаб юришибди, шаҳарларда эса таълим деярли аёлларга қолиб кетган, улар ҳам рўзғорда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмагани сабаб, паст маошга рози бўлиб ишлашади.

Халқ пулини «савиясизлар»дан ҳимоя қилишга бел боғлаган депутат аввало ўқитувчиларнинг муносиб ойлик олиши ҳақида гапириши керак эди. Ўзбекистонда ўқитувчи ойлиги рақобатбардош (масалан, ўша орзиқиб кутилаётган минг доллар) бўлса, саракни саракка, пучакни пучакка ажратиш ҳақида гапирса бўлади.

Савиялиларни ҳам ушлаб қололмаяпмиз

25 яшар Фарҳод Шарипов Хитойнинг йирик шаҳарларидан бирида ишлайди. Касби —ўқитувчилик. Махсус инглиз тили курсларида ёш болаларга дарс беради. Топиш-тутиши ёмон эмас. Барча харажатлардан ортиб, пул йиғиш, даволаниш харажатларига ҳам етади.

У олис қишлоқ мактабида ишлаб юрган вақтида 1.5 миллион сўм маош оларди. Тўғри, қўшимча курслар очиб пул топиш мумкин, аммо ўқувчилар бунга қунтсиз. Арзимаган ойликни кутиш жонига тегиб, биринчи имкониятдаёқ, хорижга кетди.

Ўзбек таълими. жамияти ҳар куни шундай йўқотишларга учрамоқда. Сабаби аниқ: паст маош ва қийин касб...

«Бир ярим ставка ишлайман, бироқ...»

Биология ўқитувчиси Шаҳзод Рашидовнинг хорижга кетаман деб кўп ҳам кўзи учаётгани йўқ. Аммо Ўзбекистонда, айниқса Тошкентда соат сайин ошаётган нархлар уни шунга ундайди. У магистратурада таҳсил олади, Микробиология институтига киришга ҳужжат топширган, камига мактабда 1.5 ставка дарс беради. Илмнинг кетидан қувгани қувган.

Аммо... Шу илмни деб чекилган заҳмат кундалик харажатлардан ортмайди. Натижада, кўзни шарт юмиб, инглиз тили машғулотларига қатнай бошлади. Ният магистратурани тугатибоқ ривожланган давлатлардан бирига «суриш».

Кучлилар кетган, сабрлилар ишламоқда

Ҳа, шундай. Тўғри, охирги йилларда аҳвол анча ўнгланди. Ўқитувчи қоғозбозлик ва мажбурий меҳнатдан қутилди. Аммо бу ҳаммаси зўр дегани эмас.

Ўқитувчиларнинг маошига қўшилаётган фоизлар, устамалар ва бошқа рақамлар бизга ваҳимали бўлиб кўриниши мумкин. Пойтахтда ишловчи ўқитувчиларнинг маълумот беришича, синф раҳбарлиги учун бериладиган сумма ўртача 250-300 минг сўмни ташкил этади. Йилда 3-4 марта мукофот олиш ҳуқуқи бор. Бироқ, булар ҳам шиддат билан ошиб бораётган нархлар ва шафқатсиз бозор иқтисодиёти шароитига дош бера олмайди.

Хотима

«Ўқитувчилик энг қиммат касб бўлиши керак. Бунга фақат рақобат билан эришиш мумкин. Рақобат савияли ва савиясиз ўқитувчини кўрсатиб беради» — дея муносабат билдирибди Алишер Қодиров. Ҳақ гап. Лекин бу касб қимматлиликка эриши учун мамлакат юксак илмий тараққиётга эришиши лозим.

Шу ўринда бир таклифни ўртага ташламоқчиман: ўқитувчилар маоши сезиларли миқдорда ошириб, коррупциядан холи аттестация тизими ишга тушиши керак. Яхши ўқитувчи кўпроқ, ёмон ўқитувчи камроқ маош олиши таъминланса, таълимда ҳақиқий жонкуярлар қолиши, «курмаклар»нинг четлашиши  эҳтимоли ошади. 

Маошлар «белни синдирмайдиган» бўлиши шарт. Унгача ўқитувчиларни элакдан ўтказиш масаласи ҳозирча «ёпишмай» тураверади.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети