Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

«Жазирамада юриб бўлмай қолди»: Қашқадарёда сўлим шаҳар чўлга айланиш арафасида

«Жазирамада юриб бўлмай қолди»: Қашқадарёда сўлим шаҳар чўлга айланиш арафасида

Фото:«Xabar.uz»

Ташқарида нақ кишини йиқитадиган иссиқ. Ҳамма ичкарида, соя-салқинда, кондиционер тагида жон сақламоқда...

Шундоқ вақтда Китоб тумани бозорига зарур юмуш билан отланганларнинг жонига тўзим берсин. Бошни гангитадиган жазирамадан ташқари анча-мунча муаммолар кутиб олади уларни.

Биринчидан, туман деҳқон бозори олдидан саф тортган азим чинорлар ва бошқа салқин берувчи дарахтлар аямай кесиб ташланди. Дарахтларни қурбон бўлиши учун сабаб ҳам тайёр: бозорнинг олдидаги йўл ва автотураргоҳ тирбанд бўлади, йўлни кенгайтирмоқ даркор! Зап лозим ва лобид иш, аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Йилдан йилга экологик ҳолат ёмонлашиб бораётгани сир эмас. Аслида бизда ҳар бир кўкариб соя бераётган дарахтни асраб, кўзга сурсак ҳам кам. Шундай оғир шароитда дарахтларни аямай қўпориш номақбул иш экани туман ҳокимлиги ва экология қўмитаси туман бўлими хаёлига келтирмаса? Бир йилгина аввал яшнаб турган йўл бўйлари бетартиб қурилиш майдонига айланганини кўрмаслик ва билмаслик учун мутасаддилар фақат бефарқ ва ўтакетган лоқайд бўлмоқлари керак.

Чинорлар йиқитилган жойда ишлаётган ишчилар билан гаплашиб кўрганимда, улар бозордан бир километр масофада йўл кенгайиши режаси тасдиқланганини айтишди. Демак бу бир километргача бўлган масофада дарахтларга қирон келади дегани. Сиз суратда кўриб турган йўлнинг икки тарафидаги дарахтлар ҳам кесилади деган миш-мишлар бор. Аммо йўл қурилишидаги ишчилар буни тасдиқламади. Демак, ҳаммасини вақт кўрсатади.

Фото:«Xabar.uz»

Фото:«Xabar.uz»

Ҳаво ҳарорати йилдан йилга ошиб бормоқда. Экологик муаммолар асосий планга чиқди. Мамлакат миқёсида ташаббус кўрсатилиб, Оролқумга саксовул экиш кампанияси бошланди. Мана шундай шароитда ҳеч бир дарахт шунчаки кесилиб кетмаслиги керак.

Фото:«Xabar.uz»

Иккинчи муаммо. Ўтган йили февралдан бузилиши бошланган ва ҳамон битиши «туя гўшти еяётган» бозор масаласи. Бозорнинг аввалги кўриниши ҳам унчалик ёмон эмасди. Йўлдаги тирбандликни айтмаса.

Мана иккинчи йилдирки, бозорлик қилиш учун ёзда чанг, қишда лой кечиб юради аҳоли. Бундан ташқари айрим сотувчилар ҳали битмаган ва мослашмаган жойларда савдо қилмоқдалар. Бузилган ва ағдар-тўнтар жойлар ҳам машиналарга тўла. Хуллас, қўпол қилиб айтганда, ит эгасини танимайди. Қурилиш майдони ва савдо жараёни аралашиб кетган.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Бозор қуриш, уни обод қилиш яхши ташаббус, аммо унинг ортидан келаётган юқоридаги ноқулайликлар киши дилини хира қилади.

— Бозор олдидаги тайёр йўлни бузишди. Ҳозир бузилган йўл очиқ. Лекин бордюрлар олинмаган. Чорраҳада ҳамма хоҳлаган томонига юради. Тартибга соладиган мард йўқ, — дейди педагог Жасурбек Усмонов. — Шу чорраҳадан Самарқандга кетиш йўлидаги 50 км/с белгисида радар қўйиб турган ЙПХ ходимига вазиятни тушунтирдим. Менга «ишинг нима» дегандек муомала қилди. Шунда мен «вазифангиз ҳаракатни тартибга солиб, хавфсизликни таъминлашми ёки беркиниб туриб жарима солишми?» дедим. Суратни кўрсатдим. Жўрттага жетон рақамини ҳам эслатгандим, ҳушёр тортди. «Айтамиз, қарашади, тартибга соламиз» деди. Лекин ишонмадим. Энди эртага эрталабки вазиятни кутамиз. Қани нима бўларкин?

Бозор атрофини тартибга соладиган, одамларни ноқулай ҳолатлардан қутқарадиган ташаббускор борми? Яна бир гап: икки йил аввал бузилган бозор битмай туриб, яна дарахтларни кесиб, йўл кенгайтиришдан муддао не? Ахир биринчи режани амалга ошириб, иккинчисини амалга ошириш мақбул эмасми?

Исмини эълон қилмасликни сўраган китоблик расмийнинг айтишича, шаҳардаги қурилишлар туман бюджетидан амалга оширилмоқда. Қачонки туманга мўмай пул тушса, ишлар олға силжиши мумкин. Унгача аҳоли чанг ютиб юраверади...

Мана бу суратдаги гўзал чинорлар эса ҳали кесилмаган, шаҳарга кўрк ва салқинлик бериб турибди. Аммо улар ҳам кесилади деган хавотир бор. Қақшатқич қурилиш майдони тобора улар томон яқинлашиб келмоқда...

Фото:«Xabar.uz»

Китоб тумани Қашқадарё вилоятидаги энг иқлими мўътадил жойлардан. Туманда экологик туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият бор. Шундай сўлим минтақада тақир марказни кўриб, афсус қилмайдиганлар бўлмаса керак.

Сўзимиз охирида туман ҳокимлиги ва экология бўлимига мурожаат қилишни истадик: бу юрт ободлигидан барчамиз манфаатдормиз, келажак учун жавобгармиз. Ободончилик яхши ташаббус, аммо у ўзидан тузалмас яралар қолдирмаслиги керак. Мен барча бунёдкорлик ишларини дарахт кесмай ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширишни таклиф этаман. Агар табиатга муомаламиз ўзгармаса, «йиқилиш» навбати бизга келиши мумкин.

Комментарии 2

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети