«Док-1 Макс» ичирилган Абдуллажон ҳаётга қайтди
Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида «Док-1 Макс» сиропидан заҳарланган яна бир бола ҳаётга қайтди.
Жонлантириш бўлимидаги синовли кунлардан сўнг 3 ёшли Абдуллажон нефралогия бўлимига ўтказилди. Боланинг онаси Дилноза Бойқобилова улар Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз туманидан келганларини айтади:
— Абдулло жуда оғир аҳволда бўлганда келганмиз. Бунгача мен «Док-1 Макс»дан 4 кун берганман. Иситмаси чиққанда аптекага боргандим. «Шуни ичиринг, гриппга ҳам, шамоллашга ҳам, температурага ҳам шу яхши» деб берди. 21 декабрдан пешоб чиқмай қолди. Эртасига бу ерга олиб келдик.
Дилнозанинг айтишича, болани олиб келган кунларда интернетдаги хабарлар бир томон, боланинг аҳволи бир томон бўлиб аёл буткул тушкунликка тушган.
— Фақат йиғлардим. Ахир, етти кун сиймади. Овқат ҳам емайди, гапирмайди ҳам, мен билан иши ҳам йўқ, фақат ухларди. Шифокорлар,ҳамширалар туну кун қарашди. Бу инсонларга мингдан минг раҳмат. Болам, шукур кўзини очди, — дейди Дилноза.
У Абдуллажон кам-кам бўлса ҳам овқат еяётганидан, мажолсиз овозда бўлса ҳам ниманидир сўраётганидан, пешоби келаётганидан хурсанд.
Тиббиёт марказининг гемодиализ бўйича мутахассиси Баҳодир Ғаниев болага заҳарланган сиропдан кам дозада берилгани катта ёрдам бўлганини таъкидлайди.
— Бизларга келганда сиймай қўйганининг учинчи куни эди. Келган куннинг ўзида жонлантириш бўлимига ётқизилиб интенсив даволаш олиб борилди, гемодиализ муолажаси амалга оширилди, яъни қони тозаланди. Роса бир ҳафтада сийдик пайдо бўлди. Шунда ҳам жонлантириш бўлимида олиб қолдик, яна қонни тозалаб турдик. Бу муолажа буйрак ишини қилиб беради, қонни тозалаб яна ўзига қайтариб беради.
Шифокор Абдуллажонга 2-3 кундан сўнг жавоб бериш мумкинлигини маълум қилди.
Абдуллажон Файзиддинов Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида «Док 1 Макс» сиропидан заҳарланиб ҳаётга қайтарилган тўртинчи бола. Лекин тиббиёт марказида айнан шу сиропнинг зарари туфайли 18 нафар гўдак ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Марказ раҳбарияти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган сиропнинг зарари ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter