АКТ вазирлиги ҳузуридаги инспекция ва марказ тугатилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2018 йил 21 ноябрь) қабул қилинди. Қарорнинг тўлиқ матни билан ЎзА да танишиш мумкин.
Қарорда кўрсатилишича, ахборот соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишининг самарадорлигини ошириш, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги назорат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг шу вазирлик ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекцияни ҳамда Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказини тугатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Қарорга кўра:
- Умумий штат бирлиги 198 нафар, шу жумладан, ҳудудий бўлинмаларда — 110 нафар бўлган Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда — Давлат инспекцияси);
- давлат унитар корхонаси шаклида Техник кўмаклашиш маркази (кейинги ўринларда — Марказ);
- Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ташкил этилади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг бўшаётган 135 нафар штат бирлиги Марказга ўтказилади.
Давлат инспекцияси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси этиб белгиланди.
Марказ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари бундан мустасно.
Давлат инспекцияси Марказнинг таъсисчиси ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter